Боррель Киевга борди
Олам
−
09 Ноябрь
2067Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан бери бешинчи ташрифи билан Киевга борди. Бу ҳақда дипломат ўзининг Х саҳифасида маълум қилди.
Боррель Украина пойтахтига поездда борган ва у ерда уни Европа Иттифоқининг Украинадаги элчиси Катарина Матернова кутиб олган. У Киев марказий темирйўл вокзалидан суратни жойлаштирган. Бу ташриф унинг Европа Иттифоқи бош дипломати сифатидаги охирги ташрифи бўлади. Негаки у келаси ой Европа комиссияси тузилганидан сўнг ўз лавозимини тарк этади.
Бу лавозимни Эстониянинг “темир хоними” ва Россия Президенти Владимир Путиннинг ашаддий рақиби сифатида танилган Эстония собиқ бош вазири Кая Каллас эгаллайди. У Россия Ички ишлар вазирлиги томонидан “тарихий хотирани таҳқирлаш ва Россияга душманлик қилгани” учун Россияда энг кўп қидирувга берилганлар рўйхатига киритилган. Каллас Украинанинг, хусусан, Европа Иттифоқи ва НАТОга қўшилиш ҳаракатларида кучли тарафдор ҳисобланади.
“Россия кенг миқёсли босқинидан буён Киевга бешинчи ташрифим ва бу менинг Европа Иттифоқи олий вакили сифатидаги охирги ташрифим. ЕИнинг Украинани қўллаб-қувватлаши менинг мандатим давомида шахсий устувор вазифам бўлиб келган ва Европа Иттифоқи кун тартибида қолади”, деган Боррель.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок эълон қилинмаган ташриф билан Киевга борганди. У Киевга эрта тонгда махсус поездда борган. Бу Бербокнинг Украинага Россия томонидан ушбу мамлакатга қарши кенг кўламли уруш бошланганидан бери саккизинчи ташрифи. Германия Ташқи ишлар вазири охирги марта Украинага 2024 йилнинг май ойида ташриф буюрган эди.
LiveБарчаси