Мирзиёев Франциядан қуруқ қайтмади

Жамият

Шавкат Мирзиёев франциялик мавқедоши Эммануэль Макроннинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Парижга борди. Самолёт трапи олдида Ўзбекистон раҳбарини Франция миллий таълим, олий таълим ва илмий тадқиқотлар вазири Элизабет Борн, Париж ҳарбий округи қўмондони генерал Лоик Мизон ва бошқа расмийлар кутиб олди. 

Шавкат Мирзиёев бу сафар Францияга бир ўзи борди. Унга ўтган галдагидек рафиқаси Зироат Мирзиёева ва қизи – Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева ҳамроҳлик қилмади. 

"Орли" халқаро аэропортида Мирзиёев шарафига икки мамлакат давлат байроқлари кўтарилди, фахрий қоровул саф тортди. 

Ўзбекистон делегацияси жойлашган қароргоҳ олдида Францияда ўқиётган, ишлаётган ва илмий изланишлар олиб бораётган бир гуруҳ ўзбекистонликлар Президент Шавкат Мирзиёевни қўлида байроқлар билан кутиб олди. Президент эса ўзи тунайдиган жойга кираётиб, ҳамюртлар олдида тўхтаб, улар билан мулоқот қилди.

Бу Ўзбекистон раҳбарининг Францияга учинчи ташрифи. У илк бор Францияга расмий ташрифни 2018 йилнинг 8-9 октябрь кунлари амалга оширган эди. Иккинчи ташриф эса 2022 йилнинг 21-22 ноябрь кунларига тўғри келди. Айнан шу ташрифда Президентга оила аъзолари ҳам ҳамроҳлик қилганди. 

2023 йилнинг 1-2 ноябрь кунлари эса Эммануэль Макрон расмий ташриф билан Ўзбекистонга келганди. 

Шавкат Мирзиёевнинг Францияга галдаги расмий ташрифи асосий тадбирлари 12 март кунига тўғри келди. Шу куни тонгда Париждаги Фахрийлар уйида Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. 

Майдонда олий мартабали меҳмон шарафига Франция Республика гвардияси, қуруқлик қўшинлари, ҳарбий-денгиз ва ҳарбий-ҳаво кучлари хизматчиларидан иборат фахрий қоровул саф тортди. Президентлар фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутлади.

Икки давлат раҳбарларининг музокаралари Франция Президентининг қароргоҳи – Елисей саройида бўлиб ўтди. Унда кўп қиррали Ўзбекистон-Франция муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари юзма-юз ва делегациялар иштирокида муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, ўтган йилда Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми илк бор 1 миллиард евродан ошган, қўшма корхоналар сони 4 баробар кўпайган.

Мирзиёев узоқ муддатли кооперация алоқаларини йўлга қўйишга кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон-Франция инвестиция кенгашини таъсис этиш ва унинг биринчи йиғилишини жорий йил июнда Тошкент инвестиция форуми доирасида ўтказишни таклиф қилди.

Ҳудудлараро алоқаларни рағбатлантириш мақсадида келгуси йилда Самарқанд шаҳрида икки мамлакат ҳудудларининг биринчи форумини ўтказишга келишиб олинди.

Шунингдек, жорий йилда Тошкент шаҳрида Франциядан тажрибали мутахассисларни жалб қилган ҳолда Ўзбекистон-Франция университети очилади. Француз тили ўқитувчиларини тайёрлаш соҳасида ҳам самарали ҳамкорлик давом эттирилади.

Ишбилармонлик, туризм ва маданий алмашинувларни фаоллаштириш мақсадида томонлар тўғридан-тўғри авиақатновлар сонини кўпайтириш масаласини кўриб чиқишга келишиб олди.

Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабарномасида Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашгани айтилмоқда. Лекин бу қандай масалалар экани очиқланмаган. Музокараларда Россиянинг Украинада уч йилни тўлдирган босқини, Россия-Европа ва Россия-Ўзбекистон муносабатларига эътибор қаратилганми ё йўқ, буниси мавҳумлигича қолмоқда. Маълумки, Франция Украинага тинчликпарвар кучлар киритишни режалаштирмоқда, бу ҳақда Макрон бир неча бор расмий баёнотлар билан чиқди. Эҳтимол, бу масалалар ҳам Президентлар суҳбатидан ўрин олгандир. 

Ўзаро суҳбатда кўп томонлама ташкилотлар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлашни давом эттириш, терроризм, экстремизм, радикализм, кибержиноятчилик ва хавфсизликка таҳдид солаётган бошқа замонавий хатарларга қарши курашишда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳим экани айтилган. 

Тизимли мулоқотни йўлга қўйиш ва мувофиқлаштириш мақсадида ташқи ишлар вазирликлари бошчилигида иқтисодий идораларни жалб қилган ҳолда Стратегик режалаштириш гуруҳини тузишга келишиб олинган. 

Музокаралар якунида давлат раҳбарлари икки мамлакат ўртасида стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида тарихий декларацияни имзолади. 

Давлат раҳбарлари ҳузурида Мутахассислар ва талабалар ҳаракатчанлиги тўғрисидаги ҳукуматлараро битим, дипломатик паспорт эгаларини виза талабларидан ўзаро озод қилиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим ҳамда Франциянинг етакчи компаниялари билан Ўзбекистонда 6,5 миллиард евролик истиқболли кооперация лойиҳаларини амалга оширишни назарда тутувчи Инвестиция ва инновация соҳаларидаги ҳамкорлик дастури алмашилди.

Шунингдек, Ўзбекистон-Франция университетини ташкил этиш тўғрисида ҳукуматлараро битим, реадмиссия тўғрисида ҳукуматлараро битим, ташқи ишлар вазирликларининг 2025-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, 2026-2030 йилларда Франция тараққиёт агентлиги билан ҳамкорлик дастури, халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик тўғрисида декларация қабул қилинди.  

Учрашув якунида Мирзиёев Макронни ўзи учун қулай вақтда жавоб ташрифи билан Ўзбекистонга келишга таклиф қилди. 

Макрон билан музокараларни якунлаган Мирзиёев БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (UNESCO) бош директори Одри Азулени қабул қилди. Мулоқотда БМТ тизимидаги ушбу нуфузли тузилма билан самарали ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари, шунингдек, жорий йилнинг кузида Самарқанд шаҳрида ташкилот Бош конференциясининг 43-сессиясига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинган.

Қолаверса, Ўзбекистон Президенти Франция ишбилармон доираларининг етакчи вакиллари билан ҳам учрашув ўтказди.

Унда Франция билан савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш муҳимлигини таъкидланди. Қайд этилишича, Франция компаниялари билан 2027 йилгача бўлган даврга мўлжалланган инновацион ва саноат кооперацияси дастури бунга хизмат қилади. Унга умумий қиймати 6,5 миллиард евро бўлган аниқ йўналиш ва лойиҳалар киритилган. Дастурни амалга ошириш доирасида Франциянинг етакчи банк ва молия ташкилотларини фаол жалб қилган ҳолда бизнес ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлашнинг самарали воситалари кенг жорий этилиши кўзда тутилган.

Мирзиёев муҳим минерал ресурсларнинг истиқболли конларини ўзлаштириш ва уларни чуқур қайта ишлаш, қурилиш материаллари, кимё ва фармацевтика тармоқлари, электротехника саноати, қишлоқ хўжалигида замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш ва бошқаларни Ўзбекистон-Франция ишбилармонлик ҳамкорлигини янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари сифатида кўрсатиб ўтди.

Президент Ўзбекистон-Франция инвестиция кенгашини таъсис этишни таклиф қилди. Унга Ўзбекистон томонидан Бош вазир раҳбарлик қилади. Биринчи учрашувни июнь ойида Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида ўтказиш мумкинлигини айтган Мирзиёев, йиғилганларни кенгашнинг тўла ҳуқуқли аъзоси сифатида бўлажак тадбирда фаол иштирок этишга чақирди.

Ташриф доирасида Париж шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Франция Республикасининг олий мукофоти – Фахрий легион ордени билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Мукофотни Франция Президенти Эммануэль Макрон тантанали равишда топширди.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳам Парижга қуруқ қўл билан бормаганди. Ўзбекистон раҳбари Эммануэль Макронга буюк француз ёзувчиси Виктор Гюгонинг ўзбек тилига таржима қилинган “Кулаётган одам” романининг илк нусхасини совға қилди. Ушбу китоб оммавий нашрдан чиқиши ва тез орада китобхонлар эътиборига ҳавола этилиши кутилмоқда.

Шу ўринда эслатиб кетиш керак, Мирзиёевга топширилган Фахрий легион ордени 1802 йилда Наполеон Бонапарт томонидан таъсис этилган. Францияда ушбу орден алоҳида хизматларнинг давлат даражасида эътироф этилиши ва шон-шарафнинг энг юқори белгиси ҳисобланади. Шу кунгача Россия Президенти Путин, Германиянинг собиқ федерал канцлери Ангела Меркель, Украина Президенти Владимир Зеленский кабилар шу орден билан мукофотланган. Ўзбекистондан эса бу мукофотга ўтган асрда яна бир киши лойиқ кўрилган. У вафотидан кейин ҳам хоки Францияга дафн қилинган Исломбек Худоёрхон. У Тошкент шаҳридаги Қашқар маҳалласида, Қўқон хони Худоёрхоннинг иккинчи ўғли Муҳаммад Аминбекхон хонадонида таваллуд топган, яъни хоннинг набираси. 

Исломбек Оренбург ва Москвада ўқиган. У Туркистонга қайтмади ва Парижга жўнаб, у ерда Афғонистон элчихонасида иш бошлади. Исломбекнинг қай тарзда Парижга бориб, у ердаги Афғонистон элчихонасида иш бошлагани тўғрисида аниқ маълумот сақланмаган. У Афғонистон ҳукумати номидан Франция ва Швейцарияда элчихоналар ташкил этиб, қарийб 50 йил давомида дипломатия соҳасида меҳнат қилган. 

Дарвоқе, асосий мавзуйимиздан узоқлашмай. Хуллас, барча расмий маросимлар ўтиб бўлгач, Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макрон Елисей саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шарафига давлат қабул маросимини уюштирди.

Қабулда икки мамлакат расмий делегациялари, Франция Бош вазири Франсуа Байру бошчилигида Вазирлар Маҳкамаси  аъзолари, таниқли маданият, санъат ва фан арбоблари, ишбилармон доиралар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Йиғинда Франция Президенти ҳатто ўзбекча гапириб юборди.

Умуман олганда, Мирзиёевнинг Францияга ташрифи бошқа ташрифлардан самимийлиги билан анчайин фарқ қилди. Ўртада масофа ва протоколлар бўлмади, энг кўп қучоқлашиш, энг кўп табассумга бой учрашув бўлди, десак муболаға бўлмайди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Франция Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Эммануэль Макрон Франция-Ўзбекистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг