“Болаларга масжидга қатнаш учун рухсат берилишини кутяпмиз” – Помпео Ўзбекистон ҳақида
Жамият
−
22 Июнь 2019
6136Бир неча ўн йиллардан кейин Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистонни алоҳида ҳавотирга сабаб бўлувчи давлатлар рўйхатидан чиқарди. Бунга сўнгги икки йилда амалга оширилган ислоҳотлар сабаб эришилди.
Америка давлат котиби Майкл Помпео АҚШнинг халқаро диний эркинлик бўйича йиллик ҳисоботини баён қилди. Унда Марказий Осиё давлатлари бу соҳада эришган ютуқлар ҳақида айтиб ўтди.
АҚШ давлат котиби Майкл Помпеога кўра, Ўзбекистон ҳукумати амалга ошириши керак бўлган ишлар ҳали жуда кўп, аммо 13 йил деганда биринчи марта мамлакат алоҳида хавотирга сабаб бўлувчи мамлакатлар рўйхатига киритилмади.
“Биз кўпроқ гуруҳлар эркин ибодат қила олиши, болалар масжидларга ота-оналари билан эркин қатнаши ва намоз ўқиши учун қонунчиликдаги ислоҳотларни сабрсизлик билан кутяпмиз”, дейди Майкл Помпео.
АҚШ давлат котибининг ҳисоботида Ўзбекистонда диний масалалар туфайли қамоқда ушлаб турилган 1500 нафар маҳбус озод этилган ва 16 минг фуқаро махсус рўйхатдан чиқариб ташлангани қайд этилган.
Бу Қўшма Штатларга Ўзбекистонни қаттиқ диний таъқиб олиб бориладиган давлатлар рўйхатидан чиқариш имконини берган. Рўйхатга Саудия Арабистони, Эрон, Туркманистон ва тожикистон каби давлатлар ҳам киритилган.