Болалар уйи тарбияланувчилари билан жинсий алоқа қилган амалдорларнинг шахси аниқ бўлди
3-саҳифа
−
01 Апрель 2023
34841Хоразмда вилоят Адлия бошқармаси ва Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини мунтазам равишда зўрлаб келгани, уларга нисбатан суд ҳукми ўқилгани ҳақида хабар берган эдик. Шунингдек, уларга шароит яратиб берган болалар уйи раҳбари 5 ярим йилга қамалган эди. Уларнинг шахси ҳақидаги маълумотлар ва ҳолат бўйича қўшимча тафсилотларни Олий Суд матбуот котиби Азиз Обидов очиқлади.
Қайд этилишича, ҳолат Жиноят ишлари бўйича Хива туман судида кўриб чиқилиб, 2022 йил 6 сентябрда ҳукм эълон қилинган.
Унга кўра, 1979 йилда Урганч шаҳрида туғилган, Хоразм вилояти Халқ таълим бошқармасига қарашли Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий болалар уйи раҳбари бўлган Ю.Х. Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) 3-қисми “а” банди, 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми “г” банди ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, 1 йилга муайян ҳуқуқдан, яъни давлат иштирокидаги корхона, ташкилот, муассасаларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
1979 йилда Нукус шаҳрида туғилган, Хоразм вилояти Адлия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган А.М. (Айбек Машарипов) ва 1984 йилда Янгиариқ туманида туғилган, Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган А.Қ. (Анвар Қурязов) Жиноят кодексининг 128-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 1-қисми ва Жиноят кодексининг эски таҳрирдаги 128-1-моддаси (ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёхуд мулкий манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш)да назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига 1 йилу 6 ойдан озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
А.М. ва А.Қ.нинг ҳимоячиси ҳамда Ю.Х. томонидан киритилган апелляция шикоятларига асосан ушбу жиноят иши апелляция тартибида кўриб чиқилиб, Хоразм вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 27 декабрдаги ажримига кўра, жиноят ишлари бўйича Хива туман судининг 2022 йил 6 сентябрдаги ҳукми билан судланувчиларга нисбатан тайинланган жазо ўзгаришсиз қолдирилган.
Тарафларга апелляция инстанцияси судининг ажрими устидан Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига кассация тартибида шикоят қилиши, прокурор протест келтириши мумкинлиги тушунтирилган бўлиб, ҳозирги кунга Олий судга кассация тартибида протест ёки шикоят келиб тушмаган.
Обидовнинг эслатишича, ушбу жиноят иши Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида кассация тартибида кўрилгандагина юқоридаги суд қарорининг қонунийлиги, адолатлилиги ва асослилигига ҳуқуқий баҳо берилиши маълум қилинади.
LiveБарчаси