Бокснинг футболдаги “инвестори”
Интервью
−
21 Ноябрь
4906Баҳодир Жалолов, Исроил Мадримов, Муроджон Аҳмадалиев ва бошқа бир қатор ўзбек бокси юлдузларининг бугунги даражасига чиқишига кўплаб инсонларнинг меҳнати сингган. Шулар қаторида ўзбекистонлик машҳур футболчи, Ўзбекистоннинг бир неча клубларидаги ёрқин фаолияти билан танилган Ойбек Қиличевнинг ҳам ҳиссаси катта.
Ўзбекистон бокс терма жамоаси бош мураббийи Тўлқин Қиличевнинг укаси, Олимпиада чемпиони Баҳодир Жалоловнинг қайнағаси ҳисобланган Ойбек Қиличев ўз вақтида футболчи бўлиб, яхшигина даромад топиб юрган кезларда акасига бугунги бокс юлдузларининг келажаги учун маошидан пул бериб, ўзбек чарм қўлқоп усталарининг таъминоти учун “инвестиция” киритган шахс ҳисобланади.
Шу билан бир қаторда, Ойбек Қиличев футболда жарима тўпларини қойиллатиб тепиши, яккакурашлардаги фаоллиги ва яхши техникаси билан ҳам футбол ишқибозларига таниш.
QALAMPIR.UZ Сречко Катанец бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ўйинлари кенг муҳокама бўлаётган бир вақтда Қиличевга микрофон тутиб, терма жамоанинг Жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятлари, Ўзбекистон чемпионати ва ўзбек боксининг келажаги ҳақида суҳбат қурди.
“Олдинги мураббийлар терма жамоага келса, ўзининг футболчилари билан келарди ва бошқа истеъдодлар четда қолиб кетарди. Катанец эса терма жамоани Жаҳон чемпионатига олиб чиқиш учун келган ва бу ерда ҳеч кимни танимайди. Ҳақиқий истеъдоди ва маҳорати бор футболчилардан фойдаланиб, терма жамоамизни насиб этса, ЖЧга олиб чиқа олади. Ҳозирги вақтда уни ишдан бўшатиш нотўғри қарор бўлади”, дейди Қиличев.
Ойбек Қиличев футболчилик фаолияти давомида Ўзбекистоннинг бир қатор клубларида, шунингдек, Эрон, Бирлашган Араб Амирликлари ва Малайзия чемпионатларида тўп тепган.
Қиличевнинг QALAMPIR.UZ’ga маълум қилишича, у ҳозирда фаолиятини якунлаган ва асосий эътиборини оиласига қаратмоқда.
Маълумот учун, Ойбек Қиличев 1989 йилда Жиззахда туғилган. Футболчилик фаолияти давомида 2 карра Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган. Турли йилларда Ўзбекистон ёшлар ва Олимпия терма жамоасида тўп тепган.
LiveБарчаси