Бокс бўйича Ўзбекистон чемпионатида нималар рўй берди? (фотогалерея)
Спорт
−
15 Декабрь 2021
13773Кеча, 14 декабрь куни бокс бўйича Ўзбекистон чемпионати ўз якунига етди.
Бу йилги Ўзбекистон чемпионатида илк бор эркаклар ўртасида 13, қизлар ўртасида 11 та вазн тоифасида жанглар ташкил этилди.
Асилбек Жалилов (48 кг), Мироншох Ибрагимов (51 кг), Дилшод Абдувалиев (54 кг), Шунқор Абдурасулов (57 кг), Хуршидбек Расулжонов (60 кг), Руслан Абдуллаев (63,5 кг), Жавлон Йўлдошев (67 кг), Азизбек Тожиев (71 кг), Саиджамшид Жафаров (75 кг), Одилжон Аслонов (80 кг), Тимур Миржанов (86 кг), Жамшид Абдуллаев (92 кг) ва Жаҳонгир Зокиров (+92 кг) ўз вазн тоифаларида мамлакат чемпионлигини қўлга киритди.
63,5 кг вазн тоифаси чемпионлиги учун ўтказилган беллашувда Жаҳон чемпионатида иштирок этган Мужибилло Турсунов ва Тошкент вилояти вакили Руслан Абдуллаев ўзаро баҳс олиб борди. Андижонлик Турсунов фаворит сифатида қаралаётган бўлса-да, якунда ажойиб жанг кўрсатган Абдуллаев ғалаба қозонди. У мусобақанинг энг яхши боксчисига топшириладиган “Руфат Рисқиев” кубогини ҳам қўлга киритди.
Қизлар ўртасида эса ушбу мукофот ўзбекистонлик боксчилар ўртасида илк Жаҳон чемпиони Нигина Ўктамовага (57 кг) насиб этди.
Турнир сенсацияси эса 71 кг вазн тоифасида кузатилди. Осиё чемпиони, Жаҳон чемпионати сориндори ва Токио Олимпиадаси иштирокчиси Бобоусмон Ботуров кутилмаганда Азизбек Тожиевга имкониятни бой берди. Жангнинг 2-раундида Тожиев ҳатто рақибини нокдаун ҳолатига туширишга ҳам улгурди.
Осиё чемпиони Саиджамшид Жаъфаров (75 кг) учун эса финал баҳсида у қадар қийинчиликка дуч келмади. 2-раундда унинг рақиби андижонлик Абдулазиз Абдупаттоев жароҳати сабаб жангни давом эттира олмади ва очколар ҳисобида олдинда бораётган Жаъфаров кетма-кет иккинчи марта Ўзбекистон чемпиони бўлди. Қизиқ томони, 2020 йилги мусобақа финалида ҳам 1-раунддан сўнг, унинг рақиби ва жамоадоши Одилжон Аслонов жароҳат олиб, беллашувни давом эттира олмаган эди.
Мусобақанинг энг марказий жанги, шубҳасиз, 80 кг вазн тоифасида рингга кўтарилган Одилжон Аслонов ва Дилшод Рўзметов ўртасида бўлиб ўтди. Шиддатли кечган баҳс якунида Аслонов ғалабани илиб кетди.
Супероғир вазнда ўтказилган беллашувларда эса 18 ёшли Жаҳонгир Зокиров ўзидан анча тажрибали боксчиларни мағлуб этиб, олтин медални қўлга киритди. Жиззахлик чарм қўлқоп устаси финалда финалда Хоразм вакили Жамшид Худойберганов устидан ишончли тарзда ғалаба қозонди.
Қизлар ўртасида Фарзона Фозилова (48 кг), Сабина Бобоқулова (50 кг), Турсуной Раҳимова (52 кг), Нигина Ўктамова (54 кг), Ситора Турдибекова (57 кг), Райхона Қодирова (60 кг), Моҳинабону Абдуллаева (63 кг), Ҳадичабону Абдуллаева (67 кг), Навбаҳор Ҳамидова (70 кг), Мавлуда Мавлонова (75 кг) ва Соҳиба Рўзметова (81 кг) ўз вазн тоифаларида 2021 йилги Ўзбекистон чемпионати ғолиблигини қўлга киритди.
Энг шов-шули натижа 50 кг вазн тоифасида рингга кўтарилган боксчилар иштирокида кузатилди. Бухоролик Сабина Бобоқулова муросасиз кечган баҳсда ҳакамлар қарорига кўра ўтган йилги чемпион андижонлик Азиза Ёқубовани мағлубиятга учратди. Ёқубова 3-раундда рақибасини нокдаун ҳолатига туширишга ҳам улгурган эди.
Қайд этиш жоиз, AIBA’нинг тажрибали инструкторлари Эндрью Коулфильд (Буюк Британия) ва Игорь Билецкий (Украина) Ўзбекистон чемпионати давомида ҳакамларни баҳоловчи (Evaluator) сифатида фаолият юритишди. Яъни, ушбу икки мутахассис Ўзбекистон чемпионатида ҳакамларнинг ҳаракатларини назорат қилиб борди.
Шунингдек, бокс бўйича Ўзбекистон чемпионатида илк маротаба 8 нафар хорижлик ҳакамлар ҳам фаолият юритди. Финал жангларининг деярли барчаси шиддатли ўтди. 54 кг вазн тоифасида рингга кўтарилган бухоролик Шахзод Музаффаров ва Тошкент вилояти вакили Дилшод Абдувалиев иштирокидаги беллашувда ғолиблик ҳакамлар қарорига кўра Абдувалиевга берилди. Айнан шу жангга нисбатан кўпчилик мутахассислар эътироз билдирди. Бироқ, реферилар турнирни юқори савияда ўтказишди.
Турнирнинг энг яхши ҳаками сифатида Нурхон Асатуллаева эътироф этилди.
Маълумот учун, мусобақада 350 нафар боксчи (эркаклар 286, қизлар 64) ғолиблик учун рингга кўтарилди.