Бокс билан абадийга хайрлашаман – Тайсон Фьюри
Спорт
−
23 Апрель 2022
5531Бокс бўйича, супер оғир вазн тоифасида WBC йўналиши чемпиони Тайсон Фьюри Диллиан Уайт билан жангдан сўнг бокс билан абадийга хайрлашмоқчи. У бу ҳақда Уайтга қарши жангдан олдин ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилган.
“Уайт билан жангдан кейин фаолиятимни якунлашни хоҳлайманми? Ҳа, Уайт ва мен ҳақиқий шоу кўрсатамиз. Мен жуда яхши жанг қилишни хоҳлайман. Шундан кейин кетаман. Мен Диллиан Уайт устидан ғалаба қозонаман. Мухлислар буни хоҳлагани учун эмас, балки ўзим хоҳлаганим учун кетаман. 20 йилдан бери бокс билан шуғулланаман. Машҳур одам бўлишни хоҳламайман демаяпман, лекин кино юлдузлари каби бўлишни истамайман. Ёлғиз қолишни ва барча ижтимоий тармоқларни ўчиришни хоҳлайман. Бу ерга фақат битта жанг учун келдим. Мен кетаман ва абадий бокс билан хайрлашаман”, деган Фьюри.
Тайсон Фьюри 2015 йилнинг 28 ноябрида Владимир Кличкони мағлуб этиб, бокс оммасига ўзини таништирганди. Аммо шундан сўнг, Тайсон Кличко билан реваншга тайёрланиш ўрнига ичкилик ва наркотикка муккасидан кетди. Ўша пайтларда Фьюрининг вазни 180 килограмгача етган. Шундан келиб чиқиб Тайсоннинг гаплари шунчаки пиар учун эмас, жиддий айтилган сўзлар бўлиб чиқиши мумкин. Агар Тайсон фаолиятини тугатмаса, Энтони Жошуа ва Александр Усик каби боксчилар билан жанг қилиб, янада бойиб олиши эҳтимоли катта.
Маълумот ўрнида, Тайсон ва Уайт ўртасидаги жанг жорий йилнинг 23 апрелидан 24 апрелига ўтар кечаси Лондондаги “Уэмбли” стадионида бўлиб ўтади.
Маъруф Абдумаликов
LiveБарчаси