Боғотдаги кўчага Шакаржон Хўжаниёзова номи берилади
Жамият
−
02 Май
6601Хоразм вилоятининг Боғот туманидаги кўчалардан бирига Шакаржон Хўжаниёзова номи берилади. Бу ҳақда бугун, 2 май куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Хоразм вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларига бағишланган йиғилишда маълум қилинди.
“Хоразм аҳли ҳурматини қозонган машҳур аёл раҳбарлардан бири бўлган Шакаржон Хўжаниёзова 8 йил олдин оламдан ўтган эди. Мен Шакаржон опани кўп йиллардан буён жуда яхши билар эдим. Ҳар сафар Хоразмга келганимда самимий мулоқот қилардик.
У инсон эл-юрт ташвиши, ўз касбига садоқат билан яшадилар. Ҳалол ва фидокорона меҳнатдан бир дақиқа ҳам тўхтамадилар”, деди Президент.
Давлат раҳбари шу йил 12 июнь куни Шакаржон Хўжаниёзованинг 70 йиллик юбилейини Хоразм вилоятида кенг нишонлашни таклиф этди. Боғотдаги кўчалардан бирига ва ўзи асос солган бадиий гимнастика мактабига Шакаржон Хўжаниёзова номи берилади.
Шунингдек, вилоятдаги фаол хотин-қизлар ўртасида Хўжаниёзова номидаги раҳбар аёллар танлови ўтказилади. Жасоратли ва меҳнаткаш аёл сифатида Шакаржон Хўжаниёзованинг ҳаёти кенг ёритилади.
Маълумот учун, Шакаржон Хўжаниёзова 1955 йилда Хоразм вилояти Боғот туманида туғилган. 1977 йилда Тошкент ирригация ва мелиорация институтини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини эса Наримонов номидаги жамоа хўжалигида ҳисобчи лавозимида бошлаган. Кейинчалик тумандаги 6-сонли ўрта ҳунар-техника билим юрти директори ўринбосари, сўнгра директори бўлиб ишлаган.
Шунингдек, у Хоразм вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари, ўринбосари, вилоят Хотин-қизлар қўмитаси раиси, шунингдек, Боғот туман ҳокими лавозимида меҳнат қилган.
5 фарзанднинг онаси бўлган Шакаржон Хўжаниёзованинг кўп йиллик меҳнат фаолияти, тажрибаси ва эл-юрт равнақи учун кўрсатган хизматлари инобатга олиниб, ҳукумат томонидан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими унвони, “Меҳнат шуҳрати”, “Фидокорона хизматлари учун” орденлари билан тақдирланган.
Шакаржон Хўжаниёзова 2017 йил 27 октябрь куни вафот этди. Ўшанда ҳам Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Шакаржон Хўжаниёзова вафот этгани муносабати билан ҳамдардлик билдирганди.
LiveБарчаси