Боғча директорларига менежерлик сертификати бериш тизими жорий этилади
Жамият
−
31 Август
37692025 йил 1 январдан давлат мактабгача таълим ташкилоти директори лавозимига номзодларни менежмент курсларига қабул қилиш ва уларга электрон шаклда махсус портал орқали сертификат бериш тизими жорий этилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг "Давлат мактабгача таълим ташкилотлари директори лавозимига номзодларни менежмент курсларида тайёрлаш ва тайинлаш тизимини жорий этиш ҳамда уларга сертификат бериш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, менежер сертификатига эга бўлган ташкилот директорига сертификатнинг амал қилиш муддати давомида ойлик иш ҳақига 30 фоиз миқдорида қўшимча ойлик устама тўланади.
Шунингдек, болалар боғчалари директори лавозимига номзодлар захираси вилоятлар ва пойтахтда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бўлинмалари томонидан менежер сертификатини олган номзодлар орасидан шакллантирилади.
Малака ошириш курслари Мактабгача таълим муассасалари раҳбарлари ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти томонидан ташкил этилади. Сертификатга номзодлар махсус портал орқали электрон тарзда рўйхатдан ўтадилар ва ўқиш учун ариза берадилар. Уларда камида бакалавр даражаси бўлиши ва ташкилот директорларига қўйиладиган малака талабларига мос келиши керак.
Якуний тестлар 25 та савол, кейслар ва амалий топшириқлардан иборат. Тестлар учун 50 балл, кейс топшириқлари учун – 10, амалий топшириқлар учун – 40 балл берилади (жами 100 балл).
70 ва ундан юқори балл тўплаган номзодлар якуний имтиҳонни муваффақиятли топширган ҳисобланади ва уларга сертификат берилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда мактаб директори лавозимига номзодлар фақат менежерлик сертификати мавжуд ва захирага киритилган кадрлар орасидан танлаб олиниши мумкинлиги хабар қилинганди.
LiveБарчаси