“Boeing” бош директори 364 киши қурбон бўлган авиаҳалокатлар учун кечирим сўради
Олам
−
30 Октябрь 2019
5808“The Boeing Company” корпорацияси бош директори Деннис Мюленбург АҚШ Конгресси Сенатининг 737 MAX модели билан юз берган иккита авиаҳалокат бўйича эшитувида хатоларни тан олди ва кечирим сўради. Эшитувда қурбонларнинг оила аъзолари ҳалок бўлган қариндошларининг суратини ушлаганча иштирок этди. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.
“Шахсан мен ва “Boeing” компанияси юз берган ҳодисадан чуқур афсусдамиз”, деди Мюленбург.
У, авиакомпанияга 737 MAX моделидаги бошқарув тизими ҳақида етарлича маълумот берилмаганини тан олди.
Ўтган йили Lion Air ва Ethiopian Airlines авикомпанияларининг Boeing 737 MAX моделидаги самолётлари дастурий таъминотдаги носозлик сабаб қулаши натижасида 346 киши ҳалок бўлганди.
“Бу авиафалокатлар бизни ўйлашга ва ўзгаришга мажбур қилди. Биз хатога йўл қўйдик, бироқ уларни тузатяпмиз. Биз ўрганяпмиз, ўрганишдан тўхтамаймиз”, деди Мюленбург.
Boeing 737 MAX билан юз берган авиаҳалокат сабабли бутун дунё бўйлаб шу моделдаги самолётлар парвози тақиқлаб қўйилганди. Мюленбург тез орада хавфсизлик тизими кучайтирилган ҳаво лайнерлари АҚШда яна парвозларни амалга ошира бошлашига умид билдирди.
LiveБарчаси