БМТ Туркманистоннинг доимий бетарафлиги бўйича резолюцияни қабул қилди

Олам

image

Жорий йилнинг 21 март куни БМТ Бош Ассамблеяси 79-сессиясининг 61-ялпи мажлисида “Туркманистоннинг доимий бетарафлиги” резолюцияси қабул қилинди. Бу ҳақда мамлакат Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Резолюцияни тақдим этиш чоғида Туркманистоннинг БМТдаги доимий вакили Аксолтан Атаева доимий бетарафлик мақоми Туркманистон ташқи сиёсатининг, мамлакатнинг халқаро майдонда мувозанатли тинчликпарвар доктринасини амалга оширишнинг асоси эканини таъкидлаган.

Вакил бетарафлик мамлакатнинг ҳам ташқи, ҳам ички сиёсатида илдиз отганини, Туркманистоннинг доимий бетарафлик тўғрисидаги конституциявий қонуни билан мустаҳкамланганини ва туркман халқининг тинчлик, мулоқот ва ўзаро ҳурматни давлат қурилишининг асосига қўядиган тарихий мероси ва анъаналарига асосланганини алоҳида таъкидлаган.

Резолюцияда тинчлик музокараларини ўтказиш учун бетараф мамлакатлар ҳудудларидан фойдаланиш тавсия этилган.

Мазкур ҳужжатга 67 та давлат ҳаммуаллифлик қилган.

Маълумот учун, Туркманистоннинг доимий нейтраллиги тўғрисидаги илк резолюция 1995 йил 12 декабрда қабул қилинган. Туркманистон ташаббуси билан 2017 йилда БМТ Бош ассамблеяси 12 декабрни Халқаро нейтраллик куни деб эълон қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили 1 март куни Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов Анталия дипломатик форумида жаҳон ҳамжамиятида бетарафлик нормалари ва амалиётларидан кенгроқ фойдаланиш кераклиги, бу зиддиятли вазиятларни ҳал қилишга ёрдам беришини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркманистон резолюция БМТ Бош Ассамблеяси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг