БМТ Россияни инсониятга қарши жиноятларда айблади

Олам

image

БМТ Россияни Украинага тўлиқ босқини давомида украиналикларни тизимли равишда ўғирлаш ва қийноққа солиш орқали инсониятга қарши жиноятлар содир этганликда айблади. Бу ҳақда БМТнинг Мустақил халқаро тергов комиссиясининг янги ҳисоботида қайд этилган.

Ҳисоботга кўра, Россия қўшинлари томонидан босиб олинган ҳудудларда кўплаб тинч аҳоли вакиллари ҳибсга олиниб, кейинчалик Россияга депортация қилинган. Айримлари қийноқларга ва жинсий зўравонликка учраган.

“Жиноятлар кенг миқёсли ва тизимли ҳужумлар доирасида содир этилган бўлиб, улар марказлашган давлат сиёсатига мувофиқ амалга оширилган”, дейилади “Reuters” келтирган ҳисоботда.

Комиссиянинг аниқлашича, энг шафқатсиз қийноқлар одатда Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) ва Россия Тергов қўмитаси ходимлари томонидан сўроқ жараёнларида қўлланган. Шунингдек, аёл маҳбусларга нисбатан қўшимча жинсий зўравонлик ҳолатлари ҳам қайд этилган.

Комиссия раиси Эрик Мёсе Россия ҳукумати бедарак йўқолганлар тақдири бўйича ҳеч қандай маълумот бермаганини айтиб, оқибатда украиналикларнинг оилалари “азобли мавҳумлик” ҳолатида қолаётганини таъкидлаган. Халқаро Қизил Хоч қўмитаси маълумотларига кўра, уруш бошланганидан бери 50 000 га яқин инсон бедарак йўқолган.

БМТдаги Британия элчиси Саймон Мэнли “ҳибсга олинганларга нисбатан шафқатсиз муносабат кўламидан даҳшатга тушганини” билдирган. Украина эса БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашидан Комиссия мандатини узайтиришни сўраган. Якуний қарор апрель ойида қабул қилиниши кутилмоқда.

Россиянинг Женевадаги ваколатхонаси ҳисоботни “сиёсий тусга эга ва нохолис” деб атаб, уни изоҳлашдан бош тортган. Москва аввалроқ ҳам ҳарбий асирларга нисбатан қийноқлар ва шафқатсиз муносабат ҳақидаги айбловларни рад этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ БМТнинг мустақил экспертлари Исроил жинсий зўравонликни уруш воситаси сифатида қўллаётгани юзасидан ҳисобот эълон қилган эди. Ҳужжатда геноцид амалиёти, жумладан, Ғазо сектори ва Шарқий Қуддусдаги аёллар клиникаларининг атайлаб вайрон қилиниши қайд этилган бўлиб, бу ҳолат ҳисобот муаллифларига кўра, фаластинликларнинг репродуктив ҳуқуқларини бузади ва туғилиш даражасини назорат қилиш воситаси сифатида хизмат қилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия БМТ Эрик Мёсе

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг