БМТ Россия ядро қуролининг Беларусга жойлаштирилишига муносабат билдирди
Олам
−
28 Март 2023
10362Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Россия Федерациясининг Беларусь ҳудудида тактик ядровий қуролларни жойлаштириш қароридан хавотир билдирди, боиси бу ҳаракат ядровий қуролларнинг тарқалишига ҳисса қўшади. Бу ҳақда ҳафталик матбуот анжуманида Женева офисининг матбуот хизмати раҳбари Роландо Гомес шундай баёнот берди.
Гомес журналистларнинг “Россия Беларусда тактик ядро қуролини жойлаштириш режасини эълон қилди, ўз навбатида, бугун Беларусь томони бундай қарор Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномага зид эмаслигини маълум қилди. Бу ҳолатни қандай баҳолайсиз?”, деган саволига қуйидагича жавоб берди:
“Биз бундан хабардормиз. Ядро қуролларининг тарқалиши жиддий ташвиш уйғотади. Ҳар бир давлат Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажариш учун жавобгардир. Биз воқеалар ривожини диққат билан кузатиб борамиз”.
БМТ Бош котиби матбуот котиби Стефан Дюжаррик, ўз навбатида, барча давлатлар Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома бандларига риоя қилишлари кераклигини айтди.
Дюжаррик шу ҳафтада Украина ташаббуси билан БМТ Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилиши бўлиб ўтишини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россия Президенти Владимир Путин Москва Минск томонининг илтимосига кўра, ўзининг тактик ядровий қуролларини Беларусга жойлаштиришини маълум қилганди. Шундан сўнг, Украина Европадан Москвага қарши санкцияларни кучайтиришни сўраганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь