БМТ ортидан Россия Афғонистонга гуманитар ёрдам жўнатди
Олам
−
18 Декабрь 2021
3948Россия Мудофаа вазирлигига қарашли учта Il-76 ҳарбий-транспорт самолёти Афғонистонга гуманитар ёрдам етказди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Россиянинг ҳарбий-транспорт самолётида Афғонистон аҳолиси учун озиқ-овқат ва дори-дармонларни ўз ичига олган жами 36 тонна гуманитар юк бор бўлган.
Шунингдек, Афғонистондан эвакуация қилинган фуқароларга зарур тиббий ёрдам кўрсатиш учун ҳар бир самолётда зарур тиббий асбоб-ускуналар ва дори-дармонларга эга ҳарбий шифокорлардан иборат бригадалар мавжудлиги айтилмоқда.
Маълумот учун, Россия Федерацияси 26 августдан 1 декабргача бўлган даврда КХШТга аъзо давлатлар (Беларусь, Қирғизистон, Арманистон), Украина ва Афғонистоннинг 770 нафар фуқаросини Афғонистон ҳудудидан ҳарбий-транспорт самолётлари орқали эвакуация қилган ва Афғонистонга 72 тонна инсонпарварлик юкларини етказган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 декабрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар ишлари бўйича агентлиги Ўзбекистоннинг Термиз шаҳридан Афғонистонга юк машиналарида гуманитар ёрдам жўнатгани ҳақида хабар берган эдик.
Бундан ташқари, Америка Қўшма Штатлари Афғонистонга COVID-19 га қарши қўшимча 1 миллион доза вакцина ва қарийб ярим миллиард долларлик гуманитар ёрдам ажратган эди.
Озода Чориева
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь