БМТ коронавирусга қарши глобал фонд яратади
Олам
−
23 Март 2020
4099Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бутун дунё бўйлаб коронавирус билан касалланган беморларни даволашни қўллаб-қувватлаш учун жамғарма ташкил қилади. Бу ҳақда бугун, 23 март куни Норвегия Ташқи ишлар вазири Ине Эриксен маълум қилди.
“БМТ шафелигида донорлик фонди ташкил қилинади. Бу фонд коронавирусга қарши курашишда қилинаётган саъй-ҳаракатларни янада самаралироқ бўлишига ёрдам беради” дейди Ине Эриксен.
Таъкидланишича, жамғарманинг мақсади соғлиқни сақлаш тизими заиф ҳамда ривожланаётган мамлакатларга инқирозни ҳал этишда ёрдам бериш, шунингдек, ушбу касаллик келтириб чиқарадиган оқибатларни бартараф этишдир. Жамғарма 2014 йилда Эбола билан курашиш учун ташкил этилган ва фаолияти жуда муваффақиятли бўлган бошқа фонд мисолида яратилмоқда.
Маълумот учун, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти жорий йилнинг 11 март куни коронавирус касаллигини пандемия деб эълон қилди. Ҳозиргача ушбу вирус дунёнинг 192 мамлакатида аниқланган. Касаллик дунё бўйича 340 066 нафар одамда қайд қилинган. Уларнинг 14 704 нафари вафот этган, 99 016 нафари эса ушбу касалликдан фориғ бўлган. Ҳозирда касаллик юқтирган 226 346 нафар одам карантинда ёки шифохонада даволанмоқда. Уларнинг 215 787 нафари ёки 95 фоизи аҳволи қониқарли, 10 559 нафари эса оғир аҳволда.
LiveБарчаси