БМТ Хавфсизлик Кенгаши Россиянинг Украинага қаттиқ ҳужумини қоралади
Олам
−
30 Декабрь 2023
8872Кеча, 29 декабрь куни Киев талаби билан шошилинч чақирилган БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Россиянинг Украина ҳудудига берилган йирик ҳаво зарбаси кескин танқид қилинди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг аксарият аъзолари, жумладан, АҚШ, Буюк Британия ва Франция ҳам Москвани кескин қоралади.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳам Россиянинг Украинага қарши оммавий ҳужумига ўз муносабатини билдирди.
“Тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасига қарши ҳужумлар халқаро гуманитар ҳуқуқни бузади. Буларни қабул қилиб бўлмайди ва дарҳол тўхтатиш керак”, дейилади унинг матбуот котиби Стефан Дюжаррик томонидан эълон қилинган баёнотда.
АҚШнинг БМТдаги миссияси раҳбарининг маслаҳатчиси Жон Келли эса Россия Федерациясини БМТ Хавфсизлик Кенгашини дунёни атайлаб чалғитаётганликда айблади.
“Икки кун олдин Россия Федерацияси Хавфсизлик Кенгашининг 10 йил олдинги воқеаларни эслаш учун йиғилишини ташкил қилди. У Украинага, унинг шаҳарлари ва муҳим инфратузилмаларига энг катта ҳаво ҳужумини режалаштираётган бир пайтда, Кенгаш аъзолари эътиборини бошқа нарсаларга қаратмоқчи бўлди”, дейди АҚШ вакили.
Келли БМТ Хавфсизлик Кенгашининг барча аъзоларини “жирканч ҳужум”ни қоралашга чақирди ва Россия расмийларининг даъво қилинган “ҳарбий нишонларга зарба бериш” ҳақидаги баёнотларига эътироз билдирди.
Хитойнинг БМТдаги доимий вакили ўринбосари Генг Шуанг эса Россия-Украина можаросини “сиёсий ечим”га чақирди.
Ўз навбатида, Россия Федерациясининг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя тинч аҳоли ўлими учун жавобгарликни инкор этиб, Россия фақат Украинадаги ҳарбий инфратузилмага зарба берганини ва қурбонлар учун Украина ҳаво мудофааси айбдор эканини таъкидлади.
Украинанинг БМТдаги доимий вакили Сергей Кислицанинг айтишича, Россияда бунинг учун ресурслар бор экан, Украинани ўққа тутиш тўхтамайди. Россия Федерацияси Украинага, глобал хавфсизлик архитектураси ва БМТ Низоми асосидаги халқаро тартибларга ҳужум қилишда давом этади.
“Битта йўл бор – Россияни қурол ишлаб чиқариш, ҳарбий тажовузни молиялаш ва дунёга таҳдид қилиш имкониятидан маҳрум қилиш”, дейди дипломат.
Кислица Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида сўзга чиқиб, россиялик Василий Небензяни “виждони ва қадр-қимматини йўқотган одам”, деб атади.
"Россия кеча тунда "жасурлик билан" йўқ қилган нишонлар рўйхатига қаранг: туғуруқхона, таълим муассасалари, савдо маркази, 45 кўп қаватли турар-жой бинолари, хусусий уйлар, иккита черков, омборхона ва автотураргоҳ”, деган Кислица.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 29 декабрда Россиянинг Украинага берган энг йирик авиазарбаси оқибатида 35 дан ортиқ киши ҳалок бўлди, яна 160 киши жароҳатланди.
Россия Киев, Харьков, Днепр, Одесса, Львов, Запорожье ва Украинанинг бир қатор бошқа шаҳарларини Шаҳед дронлари ва ҳар хил турдаги ракеталардан ўққа тутди. Ҳаммаси бўлиб Украина бўйлаб 158 та ҳаво кучлари, шу жумладан 36 та дрон ва 122 та ракета учирилди. Украина қуролли кучлари 114 та нишонни уриб туширишга муваффақ бўлди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь