БМТ халқаро суди Эрон фойдасига АҚШга қарши қарор чиқарди

Олам

image

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Халқаро суди Америка Қўшма Штатларини Эроннинг қатор активларини музлатиб қўйиш орқали халқаро ҳуқуқни бузган деб топди ва товон тўлашга мажбур қилди. Тегишли қарор кеча, 30 март куни суд раиси ўринбосари Кирилл Геворгян томонидан эълон қилинди.

У ҳукмни ўқиб чиқиб, судьялар Қўшма Штатлар Эрон билан 1955 йилда имзоланган “Дўстлик, иқтисодий алоқалар ва консуллик ҳуқуқлари тўғрисида”ги шартноманинг бир қатор бандлари бўйича ўз мажбуриятларини бузган деган хулосага келганини таъкидлаган. Буни ҳисобга олган ҳолда Қўшма Штатлар ушбу қарор эълон қилинган кундан бошлаб 24 ой ичида Эронга товон тўлаши шарт экани белгиланган. 

“Масала ҳар бир томоннинг илтимосига биноан суд томонидан ҳал қилиниши мумкин”,  дея қўшимча қилган Кирилл Геворгян.

Қайд этилишича, товон пули баъзи Эрон компанияларининг активларини қоплайди, лекин Эрон Марказий банкининг 1,57 миллиард доллардан ортиқ миқдорда музлатилган маблағлари бундан мустасно. Суд қарорига кўра, бу масала бўйича зарур юрисдикция мавжуд эмас.

“Суд АҚШнинг Эрон Марказий банки билан боғлиқ суд жараёнидаги юрисдикция масаласи бўйича эътирозларини асосли деб тан олади ва шунга мос равишда бу даъволар бўйича юрисдикцияга эга эмаслигини маълум қилади”, дейди Геворгян.

Маълумот учун, 2016 йилнинг 20 апрелида АҚШ Олий суди Эроннинг шикоятини рад этиб, АҚШ қуйи судининг 1983 йилда Байрутдаги АҚШ казармасини бомбардимон қилишда ҳалок бўлган АҚШ денгиз пиёдаларининг қариндошларига 2 миллиард доллар миқдорида товон тўлаш тўғрисидаги қарорини тасдиқлаган. Америка томонига кўра, ҳужум Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” шиа ҳаракати жангарилари томонидан Эрон расмийларининг фаол кўмагида амалга оширилган. Шунга кўра, товон тўлаш Эрон Марказий банкининг Citibank’да сақланаётган активлари ва АҚШда фаолият юритувчи бошқа Эрон компаниялари ҳисобидан амалга оширилиши таклиф қилинган. Ўшандан бери маблағлар музлатилган. Бунга жавобан 2016 йил 14 июнь куни Эрон Халқаро судда активларга кириш ҳуқуқини қайтариш ва Теҳронга нисбатан нодўстона қадамлар қўймасликни талаб қилиб, суд жараёнини бошлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон БМТ Халқаро суд

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг