БМТ иссиқхона газларининг ҳалокатли оқибатларидан огоҳлантирди
Олам
−
26 Октябрь
2876Дунё мамлакатлари биргаликда 2030 йилгача иссиқхона газлари эмиссиясини 42 фоизга ва 2035 йилгача 57 фоизга камайтириш мажбуриятини олишлари керак. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Атроф-муҳит бўйича дастурига (UNEP) таяниб, UN News хабар берди.
Акс ҳолда, бир неча йилдан сўнг Париж келишувининг глобал ҳарорат кўтарилишини цельсий бўйича 1,5 даражагача ушлаб туриш мақсади саробга айланади. UNEP ҳисоботида таъкидланишича, давлатлар 2025 йилда Бразилияда бўлиб ўтадиган 30-Иқлим конференцияси (COP30) олдидан эмиссияларни камайтириш бўйича Миллий аниқланган ҳиссалар (NDC) нинг навбатдаги босқичида тегишли мажбуриятларни олишлари керак.
Иқлим бўйича Париж келишувига кўра, глобал ҳароратнинг ошиши – зарарли чиқиндиларни камайтириш орқали -1,5 даража цельсийда сақланиши керак, акс ҳолда иқлим ўзгаришининг оқибатлари инсоният учун ҳалокатли бўлади.
“Рекорд эмиссия дегани йиртқич довулларни келтириб чиқарадиган денгиз ҳароратининг ҳаддан ташқари даражада эканлигини англатади. Рекорд иссиқлик ўрмонларни чанг бочкаларига, шаҳарларни эса саунага айлантирмоқда”, деган UNEP Ижрочи директори Ингер Андерсен.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, агар мамлакатлар NDC бўйича юқори мақсадларни қўйиб, уларни зудлик билан амалга оширмаса, бу аср давомида глобал ҳарорат цельсий бўйича 2,6-3,1 даражага кўтарилишига олиб келиши мумкин. Шунингдек, бу одамлар, иқтисодиёт ва сайёра учун ҳалокатли оқибатларга олиб келади. Бундан ташқари, ҳароратнинг бундай ўсишига олиб келиши мумкин бўлган сценарийларнинг эҳтимоли 66 фоизни ташкил қилади.
“Глобал ҳарорат 1,5 даражадан ошиб кетса ҳам бунинг содир бўлиш эҳтимоли кундан-кунга ошиб бормоқда. Биз чиқиндиларни нолга тенглаштирадиган дунёга интилишда давом этишимиз керак. Бир даражанинг ҳар бир қисми сақланиб қолган ҳаёт, ҳимояланган иқтисодиёт, зарарнинг олдини олиш, биологик хилма-хилликни сақлаб қолиш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга”, деган UNEP Ижрочи директори Андерсен.
Ҳисобот шуни кўрсатадики, инсоният 2030 йилга бориб чиқиндиларни 50 фоиздан кўпроқ қисқартириш имкониятига эга, аммо бу жуда катта саъй-ҳаракатларни талаб қилади.
Қуёш фотоэлектр технологиялари ва шамол энергетикасини кенгроқ жорий қилиш 2030 йилга келиб умумий пасайиш салоҳиятининг 27 фоизини ва 2035 йилга келиб 38 фоизини ташкил қилиши мумкин. Ўрмонларни муҳофаза қилиш ва тиклаш бўйича тадбирлар ушбу салоҳиятнинг тахминан 20 фоизини таъминлаши мумкин. Қурилиш, транспорт ва саноатда ҳам муқобил ёқилғига ўтиш талаб этилади. Бу потенциал 2030 йилга бориб қайта тикланадиган энергия қувватини уч баравар ошириш, 2030 йилга келиб энергия самарадорлигини оширишнинг ўртача йиллик суръатини икки баравар ошириш, қазиб олинадиган ёқилғидан воз кечиш, экотизимларни сақлаш ва тиклаш бўйича COP28 мақсадларига эришиш қобилиятини намойиш этади. Бироқ бу потенциалнинг ҳатто бир қисмини амалга ошириш учун ҳам мисли кўрилмаган халқаро сафарбарлик талаб этилади.
Шундай қилиб, соф ноль эмиссияга эришиш глобал молиявий архитектурани ислоҳ қилиш, хусусий секторнинг ҳал қилувчи ҳаракатлари ва халқаро ҳамкорлик билан қўллаб-қувватланадиган юмшатиш чораларига инвестицияларни камида олти баробар оширишни талаб қилади.
Ушбу мақсадлар учун қўшимча инвестициялар 2021 йилдан 2050 йилгача йилига 0,9-2,1 триллион доллар миқдорида баҳоланмоқда. UNEP таъкидлайдики, бу инвестициялар иқлим ўзгариши ва ҳаво ифлосланиши оқибатлари, жумладан, атроф-муҳитга етказилган зарар ва инсон саломатлигига таъсири билан боғлиқ харажатларни камайтириш шаклида даромад келтиради. Таққослаш учун, жаҳон иқтисодиёти ва молиявий бозорлар йилига 110 триллион долларни ташкил қилади.
Эмиссияларнинг асосий қисмини ташкил этувчи G20 давлатлари иқлим ўзгаришига қарши курашда асосий ишларни бажариши керак. Бироқ, бу гуруҳ ҳали ҳам амалдаги NDCлар доирасида ўз мажбуриятларини бажаришда режадан ортда қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда Глазгода ўтказилган Иқлим бўйича халқаро саммитда Ўзбекистон 2030 йилгача ялпи ички маҳсулотга нисбатан иссиқхона газлари улушини 35 фоизга камайтириш ташаббусини илгари сурганди.
LiveБарчаси
29 Октябрь