БМТ Исроилнинг Ал-Ақсо масжиди ўрнида синагога қуриш таклифини қоралади
Олам
−
28 Август
8115Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластин ҳудудидаги инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси Франческа Альбанезе Исроил Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвирнинг босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди ўрнида синагога қуриш таклифини қоралади. Бу ҳақда БМТ матбуот хизмати хабар берди.
“Фаластинлик мусулмонлар Ал-Ақсо масжидига кириш ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда Рамазон намозини ўқиш учун йиғилганда Исроил ҳукумати уларга нисбатан очиқчасига ҳаддан ташқари ва асоссиз куч ишлатган. Исроиллик кўчманчиларнинг Хеврондаги Иброҳимий масжиди билан содир бўлганидек, масжидни бузиб ташлаш ёки мажмуанинг тўлиқ ёки бир қисмини мажбуран синагогага айлантириш истаги фаластинликлар орасида чуқур хавотир уйғотмоқда”, дейди маърузачи.
Шунингдек, БМТ эксперти халқаро ҳамжамиятни вазият назоратдан чиқиб кетгунга қадар Исроилни босиб олинган ҳудуддаги номақбул хатти-ҳаракатлари учун жавобгарликка тортиш саъй-ҳаракатларини кучайтиришга чақирди.
"Бундай қилмаслик адолатсизлик ва жазосизлик маданиятини кучайтиради ва давом эттиради", деди Альбанезе.
Маълумот учун, олдинроқ Фаластин раҳбарияти Исроил ҳукуматини фаластинликлар ва Исроил полицияси ўртасида давом этаётган тўқнашувлар фонида Қуддусда кескинлик ва беқарорлик муҳитини яратаётганликда айблаган. Маъбад тоғидаги шиддатли тўқнашувлар икки кеча давом этди, полиция кучлари уларни эвакуация қилишга уринар экан, намозхонлар Ал-Ақсo масжидининг ичида тўсиқ ўрнатди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 23 август куни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Яқин Шарқдаги келишув бўйича йиғилишида Фаластиннинг БМТдаги доимий кузатувчиси Риёд Мансур халқаро ташкилотнинг Хавфсизлик Кенгаши аъзоларини Фаластин Президенти Маҳмуд Аббосга қўшилишга ва анклавдаги фожиа кўламини шахсан баҳолаш учун Ғазо секторига боришга чақирганди.
Зебо Туробжонова
LiveБарчаси