БМТ Исроилдан Фаластин ҳудудини тарк этишни талаб қилди

Олам

image

БМТ Бош Ассамблеяси Исроилдан босиб олинган Фаластин ҳудудлари бўйича Халқаро суд хулосаси қоидаларига риоя қилишни ва ҳужжат тасдиқланган кундан бошлаб бир йилдан кечиктирмай ерларни озод қилишни талаб қилувчи резолюцияни қабул қилди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.

Нашрга кўра, резолюция ёқловчи 124 та овоз билан қабул қилинган. Яна 14 давлат қарши овоз берган, 43 таси бетараф қолган. БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларидан фарқли ўлароқ, Бош Ассамблея резолюциялари қонуний кучга эга эмас.

Қайд этилишича, қабул қилинган ҳужжат БМТ суди томонидан чиқарилган маслаҳат хулосасига асосланади. Унга кўра, Исроилнинг Фаластин ҳудудида бўлиши ноқонуний деб топилган. Суд Исроил ушбу ҳудудларни озод қилиши, кўчиб ўтиш фаолиятини тўхтатиши ва етказилган зарар учун товон тўлаши кераклигини белгилаган.

“Бош Ассамблея қабул қилинган ҳужжат билан суднинг тегишли хулосасини мамнуният ила қабул қилади ва Исроилдан босиб олинган Фаластин ҳудудида ноқонуний мавжудлигини зудлик билан тугатишни талаб қилади. Исроил буни ушбу қарор қабул қилинганидан кейин 12 ойдан кечиктирмай амалга ошириши зарур”, дейилади хабарда.

Ҳужжатда ёзилишича, Исроилдан халқаро ҳуқуқ бўйича барча қонуний мажбуриятларни, шу жумладан халқаро суд томонидан кўзда тутилган мажбуриятларни зудлик билан бажариш талаб қилинади. Улар барча қўшинларни босиб олинган Фаластин ҳудудидан (шу жумладан ҳаво ва денгиз ҳудудидан) олиб чиқиш ва кўчиб ўтиш фаолиятини тўхтатишни ўз ичига олади.

Шунингдек, резолюция Исроилнинг ноқонуний ишғол туфайли етказилган зарарни қоплашини, босиб олинган ерлар ва мулкларни қайтаришини, уруш оқибатида кўчирилган фаластинликларнинг ўз уйларига қайтишига рухсат беришини талаб қилади.

Бош Ассамблея барча давлатларни Исроилнинг Фаластин ҳудудида ноқонуний мавжудлигининг давом этишига олиб келадиган ҳаракатларни тўхтатишга чақирди. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил БМТ органига путур етказиш учун Google рекламаларидан фойдаланганликда айбланган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

БМТ Фаластин Исроил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг