Гулнора Каримованинг ҳибсга олиниши ноқонуний бўлганмиди?
Жамият
−
05 Июль 5809 3 дақиқа
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари кенгаши Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти марҳум Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова 2014 йилда ҳеч қандай ордерсиз ва тушунтиришларсиз, ўзбошимчалик билан ҳибсга олинган деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда кенгаш чиқарган хулосага таяниб, “Bloomberg” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, БМТ номидан гапирмайдиган мустақил экспертлар Ўзбекистон ҳукуматини қонунбузарликларни зудлик билан бартараф этишга ва халқаро ҳуқуқ талабига кўра Каримовага товон пули тўлашга чақирмоқда. Улар, шунингдек, унинг ҳибсга олиниши ҳолатлари мустақил тергов қилинишини талаб қилмоқда.
“Айбдорлар жазоланиши керак”, дейди экспертлар.
БМТ Ишчи гуруҳига шикоят Каримованинг Женевада жойлашган адвокатлари томонидан 2021 йилда берилган. Улар ўз мижозлари ҳуқуқларининг “тизимли равишда бузилиши”ни даъво қилган. Уларга кўра, Каримова биринчи судгача 18 ой уй қамоғида сақланган ва суд жараёнларининг ўзи ҳам “сохта бўлган”. Адвокатлар, шунингдек, Швейцария ва Ғарб суд органларини “адолатсизликни қонунийлаштиришда” айблади.
Айни пайтда, Швейцарияда Каримова йирик миқдордаги пул ювиш бўйича жиноий ишда айбланувчи сифатида қолмоқда. Швейцария Федерал прокуратураси унинг фаолияти ва бир қанча компаниялари вакилларининг фаолиятини текширмоқда. Иш доирасида 800 миллион швейцария франки музлатилган.
Швейцария икки давлат ўртасидаги келишувга мувофиқ, ушбу маблағларнинг бир қисмини – қарийб 131 миллион долларни Ўзбекистонга қайтаришга рози бўлди. Узоқ давом этган суд жараёнларидан сўнг, 2021 йилда Федерал Жиноят суди ниҳоят Швейцария фойдасига яна 293 миллион франкни мусодара қилишга қарор қилди.
“Ишчи гуруҳнинг хулосасида Каримова ва Швейцариядаги пул ювишга оид жиноят иши бир неча бор тилга олинган. Гарчи мазкур хулоса юридик кучга эга бўлмаса-да, ҳимоячилар ундан Швейцария прокурорларининг айбловларини шубҳа остига қўйиш учун фойдаланишлари мумкин”, деб ёзади нашр.
Каримовага 2023 йилда Швейцария прокуратураси томонидан расман айблов қўйилган. Унга кўра, у Ўзбекистонда йирик телекоммуникация шартномаларини тақдим қилиш эвазига халқаро компаниялардан миллионлаб доллар пора олган. Прокуратура маълумотига кўра, ушбу иш доирасида 985 миллион АҚШ долларига тенг активлар – банк ҳисоблари, мулк, нақд пул ва қимматбаҳо буюмлар мусодара қилинган.
1796 йилда ташкил этилган ва Женевада жойлашган Lombard Odier банки 2012 йилда ўзининг собиқ ходимига алоқадор шубҳали операциялар ҳақида расмийларга хабар берган. Шу асосда тергов ишлари бошланган. Банк БМТ хулосасига изоҳ беришдан бош тортган.
БМТ ишчи гуруҳининг аввал оммага маълум бўлмаган хулосасига кўра, Каримова 2014 йилда Ўзбекистонда ордерсиз, ўзбошимчалик билан қўлга олинган. У ўзи яшайдиган уйнинг ошхонасида шошилинч равишда ўтказилган судда фирибгарлик ҳамда ўзлаштириш айбловлари билан судланган.
Каримованинг адвокатлари – Грегуар Манжа ва Фанни Маргайразнинг таъкидлашича, БМТ хулосаси Швейцария прокуратураси учун жиддий огоҳлантирувчи сигнал бўлиши керак. Чунки, уларга кўра, прокуратура ўз айбловларида Ўзбекистондаги “сохта ва адолатсиз суд қарорлари”га таянган.
2020 йилда у Тошкент яқинидаги жазони ижро этиш колониясига кўчирилди ва ҳозир ҳам у ерда қолмоқда. Ишчи гуруҳ хулосасига кўра, Каримовага нисбатан муносабатлар унинг эркинлик, адолатли суд ва айбсизлик презумпцияси ҳуқуқларини бузган. Гуруҳ унинг айбдорлиги ёки айбсизлиги масаласига баҳо бермаган.
Live
Барчаси