БМТ глобал иқтисодий ўсиш оқсашини башорат қилмоқда
Олам
−
17 Май 2023
2853Инфляция ва фоиз ставкаларининг ўсиши фонида жаҳон иқтисодиёти узоқ давом этадиган секин ўсиш даврига дуч келмоқда. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Иқтисодий ва ижтимоий департаментининг янги ҳисоботида сўз борган.
БМТ экспертлари 2023 йил учун аввалги прогнозларини бироз оширди – қайта кўриб чиқилган сценарийга кўра, жорий йилда глобал ялпи ички маҳсулот ўсиши 2,3 фоизни ташкил қилиши мумкин. Аммо бу ҳали ҳам пандемиядан олдинги ўртача 3,1 фоиздан анча паст.
2024 йил учун прогноз 2,5 фоизга туширилди – жорий йил бошида БМТ экспертлари келгуси йилда глобал иқтисодиёт янада ишончли ўсишни кутиши мумкинлигини башорат қилган эди. Бироқ, COVID-19 пандемиясининг давом этаётган оқибатлари, иқлим ўзгаришининг кучайиб бораётган таъсири ва таркибий макроиқтисодий муаммолар глобал иқтисодий кўрсаткичларга оғирлик қилишда давом этмоқда.
АҚШда 2023 йил учун ўсиш прогнози уй хўжаликлари харажатларининг барқарор ўсиши фонида 1,1 фоизга кўтарилди. Европа Иттифоқи иқтисодиёти 0,9 фоизга ўсиши кутилмоқда, бу газ нархининг пасайиши ва истеъмол харажатларининг ошиши билан боғлиқ. Хитой ҳукуматининг COVID-19 пандемияси билан боғлиқ чекловларни бекор қилиш қарори туфайли ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 5,3 фоизга етиши мумкин.
Шу билан бирга, кўплаб ривожланаётган мамлакатлар учун ўсиш прогнозлари қаттиқроқ кредит шартлари ва ташқи молиялаштириш харажатларининг ошиши сабабли қайта кўриб чиқилди.
Африка ва Жанубий Америка мамлакатларида бу йил ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши аҳамиятсиз бўлади, иқтисодий кўрсаткичларнинг узоқ муддатли турғунлик тенденцияси давом этади. Энг кам ривожланган мамлакатлар иқтисодиёти 2023 йилда атиги 4,1 фоизга, 2024 йилда эса 5,2 фоизга ўсади, бу 7 фоизлик мақсаддан анча паст.
“Ҳозирги глобал иқтисодий истиқбол Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида катта тўсиқ бўлмоқда. Жаҳон ҳамжамияти кўплаб ривожланаётган мамлакатлар дуч келаётган молиявий тафовутни зудлик билан бартараф этиши ва барқарор ривожланишга муҳим сармоя киритиш салоҳиятини кучайтириши керак”, дейди Иқтисодий масалалар бўйича департамент раҳбари Ли Жунхуа.
Постсовет ҳудуди
Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши ва унинг иқтисодий оқибатлари, шу жумладан Россия Федерациясига қарши санкциялар постсовет ҳудудидаги иқтисодий истиқболларга таъсир қилишда давом этмоқда.
Россия иқтисодиёти 2023 йилда бироз қисқаради, 2024 йилда эса бироз ўсиш кутилиши мумкин. Европадан Осиёга йўналтирилган нефть экспортидан тушум 2023 йилнинг биринчи чорагида кескин камайди. Иқтисодиёт ва ҳарбий харажатларни молиявий қўллаб-қувватлаш 2023 йилгача давом этади, бироқ учинчи давлатлар орқали санкцияланган технологияларни олиб киришга нисбатан чекловларни қаттиқроқ қўллаш иқтисодий ўсишга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
2022 йилда 29,1 фоизга қисқарган Украина иқтисодиёти 2023 йилда турғунлашади. Мамлакат иқтисодиётини тиклаш, БМТ экспертларининг фикрича, 411 миллиард долларга тушади.
Нефть экспорт қилувчи давлатлар – Қозоғистон ва Озарбайжон – нефть нархининг ошиши туфайли ялпи ички маҳсулоти ўсишини кутиши мумкин.
Инфляция ва меҳнат бозори
БМТ экспертларининг таъкидлашича, ўтган йили жаҳонда озиқ-овқат ва энергия нархлари сезиларли даражада тушиб кетган бўлсада, кўплаб мамлакатларда инфляция ўжар даражада юқорилигича қолмоқда. Маҳаллий таъминот занжирларидаги узилишлар ва юқори импорт харажатлари туфайли кўпчилик ривожланаётган мамлакатларда ички озиқ-овқат инфляцияси юқорилигича қолмоқда, энг камбағал гуруҳлар биринчи бўлиб зарар кўрмоқда.
2023 йилда глобал инфляциянинг ўртача даражаси 5,2 фоизни ташкил этади. 2022 йилда у 7,5 фоизни ташкил этиб, икки ўн йилликдаги энг юқори кўрсаткичга етди.
Таҳлилчилар, шунингдек, АҚШ, Европа ва иқтисодиёти ривожланган бошқа мамлакатларда меҳнат бозори барқарорликдан далолат бераётганини таъкидламоқда: ишсизлик даражаси пастлигича қолмоқда, айрим мамлакатларда ишчилар етишмайди, иш ҳақи ортиб бормоқда. Бундан ташқари, пандемия даврида кенгайган меҳнат бозоридаги гендер тафовути қисқармоқда.
Бироқ, ишсизликнинг камайиши, истеъмол харажатларининг ошишига олиб келади, инфляцияни юмшатиш вазифасини мураккаблаштиради. АҚШ Федерал резерв тизими, Европа Марказий банки ва бошқа ривожланган мамлакатларнинг марказий банклари 2023 йилда фоиз ставкаларини ўтган йилга нисбатан секинроқ бўлсада оширишда давом этди.
Глобал молиявий шароитнинг кескинлашиши кўплаб ривожланаётган мамлакатлар учун жиддий хавф туғдиради. Мутахассисларнинг таъкидлашича, фоиз ставкаларининг кўтарилиши ва "миқдорий қатъийлаштириш" сиёсати ривожланаётган мамлакатларнинг қарздорлик заифлигини янада кучайтирди.
Экспертлар ривожланаётган иқтисодларга юқори ташқи қарз ва секин ўсишнинг аянчли циклини бузишга имкон берадиган фаол халқаро ҳамкорликка чақирмоқда.