БМТ Бош Ассамблеяси Фаластиннинг тан олинишини қўллаб-қувватлади
Олам
−
13 Сентябрь 3087 2 дақиқа
Кеча, 12 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси Фаластин–Исроил можаросини ҳал қилишда “икки халқ учун икки давлат” (икки мамлакат ҳам ўз мустақил давлатига эга бўлиши) тамойилига қайтишга чақирувчи резолюцияни қабул қилди. Бу ҳақда БМТнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида хабар берилди.
Маълум қилинишича, қабул қилинган ҳужжатда ҲАМАСнинг Ғазо секторида ҳокимиятни тарк этиши талаб қилинган.
Овоз беришда 142 давлат, жумладан, Ўзбекистон ҳам резолюцияни қўллаб-қувватлаган. Қарши чиққанлар сони ўн нафар бўлиб, улар орасида АҚШ ва Исроил ҳам бор. Яна 12 мамлакат овоз беришда бетараф қолган.

Матн Франция ва Саудия Арабистони томонидан тақдим этилган. Исроил ҳукумати бу қарорни кескин танқид қилган, Фаластин миллий маъмурияти эса уни олқишлаган.
Резолюцияга кўра, ҲАМАС халқаро ёрдам ва ҳамкорлик асосида ўз қуролларини Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида жойлашган Фаластин миллий маъмуриятига топшириши, шунингдек, 2023 йил 7 октябрда ўтказилган ҳужумда қўлга олинган исроиллик гаровдагиларни озод қилиши лозим.
Келажакдаги ўт очишни тўхтатиш масаласини таъминлаш мақсадида Ғазо секторида “вақтинчалик халқаро барқарорлаштириш миссияси” ташкил этиш таклиф қилинмоқда. Бундан ташқари, Фаластин ва Исроил учун хавфсизлик кафолатлари берилиши лозимлиги таъкидланган.
Овоз бериш БМТ Бош Ассамблеяси доирасида 22 сентябрь куни бўлиб ўтадиган учрашув арафасида ўтказилган. Унда Франция Президенти Эммануэль Макрон Парижнинг Фаластин давлатини тан олишини эълон қилиши кутилмоқда.
Қайд этиш жоиз, 2023 йилнинг 7 октябрь куни ҲАМАС Исроилга кенг кўламли ҳужум уюштирган эди. Улар ракета ҳужуми уюштириб, Исроил ҳудудига бостириб кирган ва 1200 га яқин тинч аҳолини ўлдирган. Шунингдек, 250 дан ортиқ гаровдагиларни Ғазога олиб кетган. Уларнинг бир қисми кейинроқ алмашилган ёки озод қилинган, бироқ айримлари ҳалок бўлган.
Исроил ҳам уруш эълон қилди. Ғазодаги операциялар ва бомбардимонлар оқибатида 63 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, яна 145 мингдан ортиғи яраланган. Исроил эса ҳалигача тўхтагани йўқ.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Ғазо шаҳридаги аҳолига мурожаат қилиб, улар шаҳарни тарк этиши кераклигини айтганди.
Live
Барчаси