БМТ Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатишни тўхтатди
Олам
−
20 Август 2021
5098Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури Афғонистонга бўлган “ишончсизлик” туфайли гуманитар ёрдам кўрсатишни вақтинчалик тўхтатди. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда.
“Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури Афғонистондаги вазият туфайли жўнатилиши режалаштирилган ёрдамларни вақтинча тўхтатди. Аммо ташкилот мамлакатдаги вазиятни ҳисобга олган ҳолда Афғонистонда ишлашни давом эттириш ниятида”, дея маълум қилинди миссияда.
Шунингдек, ташкилот расмий вакили Кун Ли Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури ходимларининг хавфсизлиги таъминланган тақдирда Афғонистондаги гуманитар миссия давом этишини маълум қилган.
Бундан ташқари, Бутунжаҳон озиқ-овқат дастурида Афғонистондаги вазиятни “гуманитар фалокатнинг барча белгиларига эга”, дея ҳисоблашади. Улар, шунингдек, бугунги кунда ҳар учинчи афғонистонлик озиқ-овқат танқислигидан қийналаётганини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, “Толибон” БМТдан мамлакатда қолишни ва гуманитар фаолиятни давом эттиришни сўраган.