БМТ Афғонистондаги вазиятни қоралади
Олам
−
26 Декабрь 2022
3662“Толибон” аёлларга маҳаллий ва халқаро нодавлат ташкилотларда ишлашни тақиқлагани Афғонистон бўйлаб энг заиф қатламларга, айниқса аёллар ва қизларга ёрдам бериш бўйича ишлаётган кўплаб ташкилотларнинг саъй-ҳаракатларига путур етказади. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг матбуот котиби Стефан Дюжаррикнинг БМТ раҳбари номидан берган баёнотида айтилади.
Бош котиб Антониу Гутерриш амалдаги афғон расмийларининг янги фармони ҳақидаги хабарлардан “чуқур хавотирда”. БМТ раҳбари барча аёллар меҳнат қилиш ҳуқуқига эга эканлигини эслатади.
ОАВ маълумотларига кўра, “Толибон” Афғонистондаги барча хорижий ва маҳаллий ноҳукумат ташкилотларига кийим-кечак қоидаларига риоя қилмаётгани юзасидан расмийларга “жиддий шикоятлар” келиб тушганидан сўнг аёлларни иш билан таъминлашни тўхтатишни буюрган.
Янги чеклов де-факто расмийлар аёлларни университетларда ўқишни тақиқлаганидан бир ҳафта ўтмай, БМТ томонидан кескин қораланган ва Афғонистоннинг айрим ҳудудларида норозилик намойишларига сабаб бўлган.
24 декабрь куни эълон қилинган баёнотда БМТ ва унинг ҳамкорлари, жумладан, миллий ва халқаро ноҳукумат ташкилотлари омон қолишлари учун гуманитар ёрдамга муҳтож 28 миллиондан ортиқ афғонга ёрдам бераётгани таъкидланган.
“Гуманитар ёрдамни самарали етказиб бериш барча инсонпарварлик ходимлари, шу жумладан аёллар учун тўлиқ, хавфсиз ва тўсиқсиз киришни талаб қилади. Аёлларнинг ҳаётини сақлаб қолиш ва тирикчиликни таъминлаш учун халқаро ҳамжамият билан ҳамкорлик қилишни тақиқлаш Афғонистон халқи учун қўшимча жиддий қийинчиликларни келтириб чиқаради”, дейилади баёнотда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Афғонистондаги алоҳида баёнотида аёлларга қўйилган янги чекловларни қоралади ва амалда расмийларнинг ҳар қандай бундай фармони “аёлларнинг асосий ҳуқуқлари ҳамда инсонпарварлик тамойилларини бузиши”ни таъкидлади.
БМТнинг Афғонистондаги вакиллари ушбу фармонга аниқлик киритиш учун “Толибон” раҳбарияти билан учрашишга ҳаракат қилади.
“Аёллар ҳаётнинг барча жабҳаларида, жумладан, инсонпарварлик ёрдамида ҳал қилувчи рол ўйнаши керак. Бу сўнгги қарор энг заиф гуруҳларга, айниқса аёллар ва қизларга янада кўпроқ зарар келтиради”, дейилади БМТнинг Афғонистон бўйича баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 декабрь куни “Толибон” ҳаракати мамлакат университетларидан талаба қизлар учун дарсларни кейинги огоҳлантиришгача тўхтатишни талаб қилди. Бунинг ортидан АҚШ маъмурияти ўз иттифоқчилари билан биргаликда Афғонистондаги олий ўқув юртларида қизларнинг ўқиши тўхтатилгани муносабати билан “Толибон” ҳаракатига қарши чора кўришни режалаштираётгани маълум қилинди.
"Толибон"га кўра, бундай қарорга “[университет] ётоқхоналарида аёлларнинг бўлиши ва уларнинг вилоятлардан [ўқиш учун] эркаклар ҳамроҳлигисиз келиши, талаба қизларнинг ҳижоб ўраш қоидаларига риоя қилмаслиги, эркак ва аёлнинг биргаликда ўқиши, баъзи факультетларда қизларнинг ўқитилиши ислом қонунларига зид ва афғонларнинг ғурурига путур етказиши сабаб бўлган.
LiveБарчаси