Блогер Сирожиддин Одилов қамоққа олинди
3-саҳифа
−
14:47 16919 3 дақиқа
Блогер Сирожиддин Одилов фирибгарлик ва пора беришда гумонланиб қамоққа олинди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида яшовчи 1961 йилда туғилган фуқаро Р.Х. туман ИИБга ариза билан мурожаат қилган. Унга кўра, Р.Х. 2024 йилнинг август ойларида Тошкент шаҳрида яшовчи 1980 йилда туғилган Сирожиддин Одиловга бошқа шахс билан ўрталаридаги молиявий масаласини ҳал қилиб беришини сўраб мурожаат қилган. Сирожиддин Одилов ваколатли шахс бўлмаса-да, жабрланувчидан ишини унинг фойдасига ҳал қилиб бериш эвазига маълум миқдорда пул олган ва ҳозирги кунга қадар ваъдасини бажармасдан, алдаб келган. Шу боис Р.Х. блогерга қонуний чора кўришни сўраган.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Сирожиддин Одиловга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми ва 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Эзгулик” жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов ўзининг Facebook саҳифасида ушбу ҳолат бўйича муносабат билдирди.
“Сирожидиннинг жиноят иши дебочаданоқ процессуал хатолар билан бошланди. Эҳтиёт чорасини белгилаш бўйича маҳкамага пойтахтдан борган икки нафар адвокат ордери бўла туриб қўйилмади, аксинча, давлат адвокати иштирок этди”, деб ёзди инсон ҳуқуқлари фаоли.
Ташановнинг билдиришича, ҳимояланиш ҳуқуқи шахснинг императив ҳуқуқи бўлиб, бундай ҳуқуқнинг бузилиши жиноят ишининг холис кўрилишига шубҳа уйғотади.
“Тизим эндиликда бундай шубҳаларни пардалаш учун айбсизлик презумпциясига зид равишда Одилов шахсига нисбатан троллинг уюштиради, деган гумондаман”, деб ёзади Ташанов.
Маълумот учун, Сирожиддин Одиловнинг You Tube каналида 915 мингдан ортиқ обуначи бор.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Qonun doirasida” лойиҳасини юритган юрист Фурқат Рўзметов ва унинг ходими Азамат Авезов қатор жиноятларни содир этганликда гумонланиб қўлга олинганди. Улар бир қатор фуқароларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қилган мурожаатлари юзасидан олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари натижасида қўлга олинган.
Жорий йилнинг 16 январь куни “Taftish.uz” сайтининг 4 нафар ходими товламачилик ва фирибгарликда гумонланиб қўлга олинган эди. Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) ва 168-моддасида (фирибгарлик) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланиб, 1988 йилда туғилган Ғайрат Абераев ҳамда “Taftish.uz” Оммавий ахборот воситаси ходимлари 1992 йилда туғилган Азизжон Юлдашев, 2000 йилда туғилган Сардор Ҳамидов, 2006 йилда туғилган Маржона Эшқувватова ҳамда 1998 йилда туғилган Дилшод Нишоновлар процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда уларнинг қўшимча равишда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) ҳамда 244-6-моддасида (ёлғон ахборот тарқатиш) кўрсатилган жиноятларга алоқадорликлари текширилмоқда.
Шунингдек, кейинроқ Ўзбекистонда “Xalqparvar Guruhi” журналисти 4 йилга озодликдан маҳрум этилганди. У Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми “г” банди, 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” банди, 165-моддаси (товламачилик) 1-қисми, 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 1-қисми, 227-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) 2-қисми “а” банди ва 244-6-моддаси (ёлғон ахборот тарқатиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.
Live
Барчаси