Блогер Эмине Караманова 7,5 йилга қамалди
3-саҳифа
−
13 Декабрь 2023
32135Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди аппеляция судлов ҳайъатининг 13 декабрь кунидаги суд мажлисида Эмине Караманова (Лемара Мирзааҳмедова)га нисбатан қуйи инстанция судининг 7,5 йиллик қамоқ жазоси ўзгаришсиз қолдирилди. Бу ҳақда "Эзгулик" жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
Маълум қилинишича, 47 ёшли блогер Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 139- (Туҳмат), 140- (Ҳақорат) ва 165- (Товламачилик) моддалари билан айбланган.
Тергов органи томонидан блогерга қўйилган ЖКнинг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растарата қилиш йўли билан талон-торож қилиш) ва 228- (Ҳужжатларни қалбакилаштириш) айби ундан олиб ташланган.
Товламачилик эпизоди бўйича жабрланувчи Янгийўл тумани ҳокимлиги мутасаддиси ҳисобланади.
Блогер жазо муддатини умумий тартибдаги колонияда ўтайди.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилояти ИИБ томонидан ижтимоий тармоқ фаоли Эмине-Лемара Мирзааҳмедова Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 139, 140, 165, 167 ва 228-моддалари билан айбланиб, шу йилнинг 1 март куни ҳибсга олинган эди. Унда айтилишича, блогер Лемара Мирзааҳмедова раҳбарлигидаги МЧЖ ҳужжатларни қалбакилаштириш орқали бюджет маблағларини талон-торож қилган ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Шунингдек, бошқа бир ҳолатда ҳам ушбу МЧЖ мансабдорлари томонидан халқ таълими бўлими тасарруфидаги 7-сонли мактабнинг қўшимча хўжалик биносини қуриб бериш учун шартнома асосида 157 млн сўм бюджет маблағлари ажратилган бўлган. Лекин бу ҳолатда иш ҳажмини қўшиб ёзиш орқали ҳақиқатда бажарилмаган ишлар учун яна 13 млн 441 минг сўм пуллар талон-торож қилинган.
Бундан ташқари, бошқарма Мирзааҳмедованинг қўлга олинишида унинг блогерлик фаолиятининг даҳли йўқлигини қўшимча қилган.