Блогер Абдуқодир Мўминов ҳибсда вафот этдими? Прокуратура ва ИИВ муносабат билдирди
3-саҳифа
−
22 Февраль 2023
51145Ижтимоий тармоқларда куни кеча ҳибсга олинган блогер Абдуқодир Мўминовнинг тергов вақтида қийнаб ўлдирилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бироқ Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов QALAMPIR.UZ’га Мўминовнинг тергов пайтида вафот этгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.
Унинг айтишича, блогер “тирик ва соғлом”.
Шунингдек, унинг тирик эканини Мўминовнинг собиқ адвокати Бобур Муқаддамов ҳам тасдиқлади.
“Тавба! Тирик, соппа-соғ одамни ўлдига чиқаришади-я. Ҳозир гаплашдим терговчи билан. Соғ-саломат, келиб кўриб кетишингиз мумкин дейишди”, дея ўзининг Facebook саҳифасида пост ёзган Муқаддамов.
Адвокатнинг сўзларига кўра, Абдуқодир Мўминов унинг хизматидан воз кечган.
“Негадир ҳаммага шубҳа билан қараяпти. Ўзимни мақташмасу, мен уни аниқ ҳимоя қила олган бўлардим”, дейди у.
ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов ҳам QALAMPIR.UZ’га Мўминовнинг ўлими ҳақидаги хабарлар “Fake” эканини айтиб, бу миш-мишлар блогернинг яқинлари томонидан омма эътиборини тортиш мақсадида уюштирилганини маълум қилди.
Шунингдек, у таҳририят мухбирининг “Агар блогер ростдан ҳам тирик бўлса, буни унинг ўзи, аҳволи ҳақида батафсил маълумот бериб, видео орқали маълум қилиши мумкинми?” деган сўровига барчаси қонуний амалга оширилаётгани, адвокат у билан бемалол гаплашиши мумкинлиги, тизим ҳар бир маҳкумнинг аҳволи ҳақида видеомаълумот бера олмаслиги билан жавоб қайтарди.
Аввалрпоқ, Тошкент шаҳри ИИББга фуқаро Э.З. ариза билан мурожаат қилиб, блогерлик билан шуғулланувчи Абдуқодир Мўминовнинг ҳаракатларига нисбатан қонуний чора кўришни сўраганини, унинг мурожаат асосида текширув ўтказилганини маълум қилганди.
Мўминов 2021 йил октябрь ойида танқидий видеолавҳалар тайёрлаш ва ижтимоий тармоқларда тарқатиш орқали фуқаро Э.З.нинг укаси Д.Ю.нинг номига расмийлаштирилган МЧЖ билан боғлиқ ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти ИИБ тергов бўлими иш юритувидаги жиноят ишини ижобий ҳал этишга ИИБ ходимларини гўёки мажбур қила олишини айтиб, шу орқали Э.З.нинг ишончига киргани айтилмоқда.
ИИВ маълумотида у ўз хизматлари учун жами 10 000 доллар сўраб, шундан 3800 долларни олдиндан олгани, лекин берган ваъдасини бажармай, олган пулларини ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборгани келтирилмоқда.
“Бундан ташқари, 2021 йилнинг октябрь ойида А.Мўминов Жиззах вилоятида фуқаро А.Т. билан учрашиб, унинг раҳбарлиги остидаги ташкилот тўғрисида салбий йўсинда видеолавҳа тайёрлаганини, ушбу материални ўзининг “Кўзгу” номли ижтимоий тармоқ саҳифаси орқали тарқатадиган бўлса, ташкилот раҳбариятига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинишини айтиб, А.Т.ни ўз мулкини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб, А.Т.дан ушбу маълумотларни сир сақлаши учун 70.000 АҚШ доллари сўраган”, дейилган Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабарида.
Қайд этилишича, мурожаатчи ўз кўрсатувларининг тасдиғи сифатида Абдуқодир Мўминов билан ўртасидаги сўзлашувлар аудиоёзувини тақдим этган ва унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Ҳолатлар юзасидан унга нисбатан шаҳар ИИББ тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик), 165-моддаси (Товламачилик) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган ва процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь