Блинкеннинг ёрдамчиси Ўзбекистонга келади
Жамият
−
05 Ноябрь 2023
9320АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Дональд Лу Ўзбекистонга келади. Бу ҳақда Давлат департаменти хабар қилди.
Қайд этилишича, 4-11 ноябрь кунлари Дональд Лунинг Қозоғистон, Ўзбекистон ва Ҳиндистонга сафар қилиши режалаштирилган. У сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси доирасида бўлиб ўтган C5+1 президентлик саммити ва октябрда бўлиб ўтган минтақавий алоқалар бўйича C5+1 вазирлар йиғилишида эришилган келишувларни мустаҳкамлаш мақсадида Марказий Осиёга келади.
Лу Тошкентга келганида Ўзбекистон ҳукуматининг юқори мартабали амалдорлари билан учрашиб, АҚШ ва Ўзбекистон хавфсизлик соҳасидаги шерикликни кенгайтириш ҳамда минтақавий муаммоларни ҳал қилиш йўлларини муҳокама қилиш, халқлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда савдо ва инвестицияларни диверсификация қилиш орқали икки томонлама алоқаларни ривожлантириш йўлларини муҳокама қилишни режа қилган.
“У инсон ҳуқуқлари масалалари билан шуғулланувчи фуқаролик жамияти гуруҳлари билан ҳам ҳамкорлик қилади. Қозоғистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам АҚШ делегацияси Қўшма Штатлар Қозоғистон ва Ўзбекистон суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва мустақиллигига қатъий содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди”, дейилади Давлат департаменти хабарида.
Сўнгра давлат котиби ёрдамчиси Лу АҚШ-Ҳиндистон 2+2 вазирлар мулоқотига тайёргарлик кўриш учун Ҳиндистонга кетади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 февраль – 1 март кунлари АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ўз фаолияти давомида биринчи марта Қозоғистон ва Ўзбекистонга ташриф буюрганди. Ўшанда у ҳам Ўзбекистондан Ҳиндистонга жўтаб кетганди. 19 сентябрь куни эса Нью-Йорк шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари ва Америка Қўшма Штатлари етакчиларининг “C5+1” форматидаги биринчи саммити бўлиб ўтганди.
LiveБарчаси