Блинкеннинг Исроил ва Иорданияга бориши тасдиқланди

Олам

image

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен эртага, 3 ноябрь куни Исроил ва Иорданияга ташриф буюради. Бу ҳақда Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Мэтью Миллер брифингда маълум қилди. 

“Котиб Блинкен жума куни Исроил ва Иорданияга ташриф буюради. У [Исроил Бош вазири Бенямин] Нетаняху ва бошқа Исроил ҳукумати раҳбарлари билан учрашиб, уларнинг ҳарбий мақсадлари ва бу мақсадларга эришиш режалари ҳақида маълумот олади”, дейди Миллер. 

Блинкен ташриф давомида тинч аҳолига зарар етказмаслик чораларини муҳокама қилади.  

“У халқаро гуманитар қонунларга мувофиқ Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлашимизни яна бир бор тасдиқлайди ва тинч аҳоли қурбонларини минималлаштириш учун барча зарур эҳтиёт чораларини, шунингдек, инсонпарварлик ёрдамини етказиш бўйича ҳаракатларимизни муҳокама қилади”, дейди Давлат департаменти вакили.  

Унинг сўзларига кўра, Иорданиядаги учрашувлар чоғида АҚШ ташқи сиёсати раҳбари тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлаш муҳимлигини, шунингдек, Қўшма Штатларнинг Ғазо сектори аҳолисига ҳаёт учун муҳим инсонпарварлик ёрдами етказилишини оширишга кўмаклашиш мажбуриятини таъкидлайди. 

Миллер Блинкеннинг Туркияга бўлажак сафарини ҳозирча тасдиқлай олмаслигини қўшимча қилган. 

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Яқин Шарқ бўйлаб сафарини Исроилдан бошлаб, Иордания, Қатар, Баҳрайн, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони ва Мисрга ҳам борган ва шу давлатларнинг расмийлари билан Исроил-Фаластин масаласини муҳокама қилганди. Араб давлатларига қилган сафаридан сўнг, Энтони Блинкен 16 октябрь куни Исроилга қайтиб борган.

“Ҳозирча мен қўшимча саёҳатни тасдиқлай олмайман”, дейди дипломат.  

Аввалроқ давлат котиби 5 ноябрь куни Анқарага ташриф буюриши ҳақида гаплар чиққанди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Энтони Блинкен Ғазо сектори

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг