Блинкен яна Яқин Шарққа отланяпти

Олам

image

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Яқин Шарққа келаси ҳафта сафар қилади. Бу ҳақда кеча, 7 июнь куни АҚШ Давлат департаменти хабар берди.

Сафар Вашингтон ўтган ҳафта Президент Жо Байден таклиф қилган ўт очишни тўхтатиш бўйича Исроил ва ҲАМАСга босим ўтказишга уринаётган пайтга тўғри келди.

7 октябрдан бери минтақага саккизинчи ташрифида америкалик дипломат Миср, Исроил, Иордания ва Қатарга бориб, бу давлатларнинг юқори мартабали раҳбарлари билан учрашади.

“Давлат котиби ўт очишни тўхтатиш таклифи исроилликлар ва фаластинликлар учун қандай фойда келтириши мумкинлигини муҳокама қилади. У ўт очишни тўхтатиш Ғазодаги азоб-уқубатларни енгиллаштириши, инсонпарварлик ёрдамини сезиларли даражада ошириш ва фаластинликларнинг ўз ҳудудларига қайтишига имкон беришини таъкидлайди”, дейилади Давлат департаменти баёнотида. 

Миср, Қатар ва бошқалар воситачилигида Исроил ва ҲАМАС ўртасида Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар бир неча бор тўхтаб қолган, ҳар икки томон бир-бирини муваффақиятга эришмаганликда айблаган.

Давлат департаментига кўра, ўт очишни тўхтатиш Исроилнинг Ливан билан шимолий чегарасида ҳам тинчланиш учун эшикни очади, Исроил ва унинг араб қўшнилари ўртасида ҳамкорлик қилиш учун шароит яратади.

“Давлат котиби, шунингдек, можаронинг янада кучайишига йўл қўймаслик зарурлигини яна бир бор таъкидлайди”, дейилади баёнотда.

Блинкен Иорданияга ташрифи чоғида Ғазо секторидаги вазиятга гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича конференцияда иштирок этади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Яқин Шарқ Энтони Блинкен

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг