Блинкен ЎзДЖТУда. У талабалар билан нималарни гаплашди?
Олам
−
01 Март 2023
8240Инглиз тили кўп жиҳатдан Қўшма Штатларнинг бошқа мамлакатларга қиладиган энг муҳим экспортидир. Бу фикр бугун, 1 март куни ҳозирда Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлиб турган АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен томонидан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида ўтказилган тадбирда билдирилди.
“Биз Ўзбекистонда нафақат инглиз тили таълими, балки ўқитувчиларга инглиз тилини ўргатиш учун келганмиз. Ўйлайманки, шу кунга қадар биз 15 мингга яқин ўқитувчини тайёрлаганмиз. Ҳозирда Ўзбекистонда 10 мингга яқин мактабда инглиз тили дарсликлари мавжуд. Кўп жиҳатдан инглиз тили, АҚШдан бошқа мамлакатларга экспорт қилинадиган энг муҳим маҳсулотдир”, деган АҚШ дипломатияси раҳбари.
Шунингдек, Блинкен ўз Twitter саҳифасида АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси инглиз тилини ўқитишга, хусусан, ўқитувчилар малакасини оширишга 25 миллион доллардан ортиқ сармоя киритганини қайд этган.
Қайд этилишича, учрашув давомида Блинкен талабалар билан агар мамлакат раҳбари бўлиб қолишса, қандай ишлар қилиши ҳақида суҳбатлашган. Давлат котиби учрашувда “жуда яхши ғоялар” эшитганини айтиб, уларнинг бир қисмини Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва АҚШ Президенти Жо Байден билан баҳам кўришга ваъда берган.
Эслатиб ўтамиз, Энтони Блинкеннинг Тошкентга ташрифи расмий тадбирлари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов билан музокаралардан бошланганди. Кейинчалик у Ҳазрати Имом мажмуасига ҳам борганди. Ташриф доирасида Президент Мирзиёев ҳам уни қабул қилиши режалаштирилган.
LiveБарчаси