Блинкен уруш бошлангандан бери 9-марта Исроилга борди (видео)
Олам
−
19 Август
2883АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Ғазо секторидаги эҳтимолий ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича бўлажак музокаралар олдидан Исроилга борди. Америка дипломатияси раҳбари Тель-Авивдаги Бен Гурион аэропортига қўнди. Бу ҳақда кеча, 18 август куни AFP хабар берди.
Қайд этилишича, Блинкен бугун, 19 август куни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху, Мудофаа вазири Йоав Галант ва Президент Ицхак Герцог билан учрашади, эртага, 20 августда эса Мисрга боради.
Таъкидлаш жоизки, бу Ғазо секторида уруш бошлангандан бери Блинкеннинг Яқин Шарққа тўққизинчи ташрифи. Давлат департаменти матбуот котиби ўринбосари Ведант Пателнинг аниқлик киритишича, Блинкеннинг “интенсив дипломатик саъй-ҳаракатлари” 16 август куни Вашингтон томонидан Миср ва Қатар кўмагида тақдим этилган вақтинчалик таклифга асосланади.
“Ушбу таклиф Ғазода ўт очишни тўхтатишга эришади, барча гаровга олинганларни озод қилади, бутун минтақа бўйлаб гуманитар ёрдам тарқатилишини таъминлайди ва кенгроқ минтақавий барқарорлик учун шароит яратади”, дейди у.
Блинкен яна бир бор минтақадаги барча мамлакатларни кескинлашув ёки келишувга эришиш қобилиятига путур етказадиган бошқа ҳаракатлардан қочишга чақиради.
Кеча, 18 август куни Нетаньяху, биринчи навбатда, ҲАМАСга босим ўтказиш кераклигини яна бир бор таъкидлади.
“ҲАМАС ҳамон қайсар. Доҳа музокараларига ҳатто ўз вакилини ҳам юбормади. Шунинг учун босим Исроил ҳукуматига эмас, ҲАМАС ва Синварга қаратилиши керак”, деган Нетаньяху Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида.
Ғазо таклифи уч босқичли жараённи назарда тутади, бу жараёнда ҲАМАС барча гаровга олинганларни озод қилади, эвазига Исроил ўз кучларини Ғазо секторидан олиб чиқиб, фаластинлик маҳбусларни озод қилади. Буюк Британия ва Франция Ташқи ишлар вазирлари Дэвид Лэмми ва Стефан Сежурне ҳам 16 август куни Исроилга ташриф буюриб, Ғазо бўйича келишув зудлик билан амалга оширилиши зарурлигини таъкидлади.
16 август куни Доҳада Америка, Исроил, Миср ва Қатар расмийлари иштирокида Исроил ва ҲАМАС ўртасида келишувга эришиш мақсадида музокараларнинг иккинчи куни бўлиб ўтган эди. Раунд якунида Қўшма Штатлар, Миср ва Қатар баёнотида томонларга “кўприклар қуриш таклифи” тақдим этилгани қайд этилди.
Келаси ҳафта охиригача Қоҳирада уч ҳукуматнинг юқори мартабали вакиллари учрашиши кутилмоқда. “The New York Times”нинг ёзишича, Теҳрон ўт очишни тўхтатиш бўйича мулоқотни янада ривожлантириш учун воситачиларга вақт бериш учун Исроил ҳудудига зарба беришни кейинга қолдиришга қарор қилган.
LiveБарчаси