Блинкен Пашинян билан Қорабоғ ва Украина бўйича гаплашиб олди
Олам
−
15 Март 2022
4998АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбат чоғида минтақавий масалалар, жумладан, Озарбайжон ва Арманистон ўртасида яқинда кучайган тарангликни тилга олинган. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти расмий вакили Нед Прайс баёнотида айтилади.
“Блинкен АҚШ ва Арманистон ҳамкорлиги муҳимлигини ва Вашингтоннинг Жанубий Кавказнинг тинч, демократик ва фаровон келажаги йўлидаги саъй-ҳаракатларга содиқлигини таъкидлади”, дейилади баёнотда.
Томонлар Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги кескинликни, хусусан Қорабоғ атрофидаги вазиятни ҳам муҳокама қилган
“Блинкен сўнгги пайтларда Арманистон ва Озарбайжон кучлари ўртасидаги таранглик ҳақидаги хабарларга эътибор қаратди, муҳим муаммоларга кенг қамровли ечимлар ишлаб чиқиш учун томонларни вазминлик кўрсатишга ва дипломатик саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга чақирди”, дейди у.
Прайсга кўра, Америка дипломатияси раҳбари Арманистонда демократик ислоҳотларни давом эттиришни қўллаб-қувватлайди.
Шунингдек, мулоқотда Россия-Украина уруши мавзусига ҳам тўхталиб ўтилди.
Бликен Ғарбнинг Россия Федерацияси ва Беларусга ҳамда Украинага қарши урушни қўллаб-қувватловчиларга босим ўтказишда давом этишга тайёрлигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 март куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макрон билан телефон орқали мулоқот қилиб, Озарбайжон тинчлик тарафдори экани ва Арманистон билан ҳудудий яхлитлик, суверенитет ва халқаро миқёсда тан олинган чегаралар дахлсизлиги каби халқаро ҳуқуқнинг фундаментал тамойилларига асосланган тинчлик шартномаси бўйича музокараларни бошлашга тайёрлигини маълум қилган эди.
Қорабоғ уруши
Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олишди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10-сига ўтар тунда “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Шуниси аниқки, уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.
Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган Bayraktar учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.
LiveБарчаси
Асад ҳокимияти ағдарилди.
08 Декабрь