Озарбайжон Арманистон билан ярашишга тайёр – Алиев

Олам 5189
image

Озарбайжон тинчлик тарафдоридир. Биз Арманистон билан ҳудудий яхлитлик, суверенитет ва халқаро миқёсда тан олинган чегаралар дахлсизлиги каби халқаро ҳуқуқнинг фундаментал тамойилларига асосланган тинчлик шартномаси бўйича музокараларни бошлашга тайёрмиз. Бу ҳақда Озарбайжон Арезиденти Илҳом Алиев бугун, 7 март куни Франция Президенти Эммануэль Макронга икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан йўллаган табригида маълум қилган. 

Арманистоннинг бу масалада конструктив позициясини намоён этиши муҳимлигини таъкидлаган Озарбайжон раҳбари Франциянинг минтақадаги тинчлик кун тартибини қўллаб-қувватлашига умид билдирган. 

Президент Алиев таъкидладики, ҳозирги вақтда Озарбайжон олдида турган асосий вазифа кўп йиллик мусталака оқибатида бутунлай вайрон бўлган ҳудудларни тиклашдир. 

Давлат раҳбари ўзининг тарихий ва қадимий заминларининг Арманистон томонидан босиб олинишига чек қўйиб, Озарбайжон БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияларини бажариш орқали ўзининг ҳудудий яхлитлигини таъминлаганини таъкидлаган.  

“Ўттиз йиллик агрессиянинг якуни минтақада янги геосиёсий воқеликка мувофиқ ҳамкорлик қилиш имкониятларини яратди. Бу борада транспорт-коммуникация линияларининг очилиши минтақамиз учун катта иқтисодий истиқболларни ваъда қилмоқда”, дейди Озарбайжон Президенти.

Шунингдек, Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ваан Унаняннинг “Арманпресс”га маълум қилишича, Ереван Баку билан тинчлик шартномасини имзолашни устувор масала деб билмоқда. 

“Арманистон ҳукумати Арманистон учун тинч ривожланиш даврини очиш стратегиясини қабул қилди ва бу йўналишда қадам ташлашга тайёрлиги табиий. Аниқ тинчлик шартномасини имзолашга келсак, бу ҳукумат кун тартибидаги устувор йўналишлардан бири эканлиги олий даражада бир неча бор таъкидланган”, деган Унанян. 

Қорабоғ уруши 

Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олишди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10-сига ўтар тунда “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Шуниси аниқки, уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди. 

Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган Bayraktar учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 79
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×