Блинкен Озарбайжонга босим ўтказаётганини тан олди
Олам
−
23 Март 2023
10013АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Озарбайжон ва Арманистон яқин орада тинчлик келишувига эришиши мумкин, деб ҳисоблайди. У Конгресс Сенатининг Ташқи ишлар қўмитасидаги тингловда сўзга чиқиб, буни тасдиқлади.
"Ва менимча, имконият бор, уни бўрттириб айтмоқчи эмасман, балки тинчлик битимини тайёрлашни амалда якунлаш имконияти бор", дейди Америка Ташқи идораси раҳбари Вашингтоннинг Баку ва Ереван ўртасидаги муносабатларни нормаллаштиришга қаратилган уринишларни шарҳлаб.
У жорий йил бошида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан Мюнхенда хавфсизлик бўйича конференцияда учрашганини эслади.
"[Озарбайжон ва Арманистон] ташқи ишлар вазирлари яқинда Вашингтонда бўлган эди. Улар қайтиб келишларини кутаман. Биз [келишув] матни устида ишламоқдамиз”, дейди Блинкен.
Америка дипломатияси раҳбарининг сўзларига кўра, у Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги келишув масаласи, Баку ва Ереван ўртасидаги муносабатларни нормаллаштирадиган тинчлик келишувига эришиш, шунингдек, (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғдаги этник арманларнинг ҳуқуқлари ва ҳимояси, чегараларни делимитация қилиш масалалари ва ҳоказолар билан фаол шуғулланмоқда.
"Биз буни Арманистонга юкламаймиз. Биз Арманистон томонидан билдирилган кучли истакларга жавоб берамиз. Биз кўришни истаганларга 30 йилдан ортиқ давом этган можарога ҳеч бўлмаганда катта даражада барҳам берадиган келишувга эришишга ёрдам бера оламизми ёки йўқлигини кўрсатамиз", дейди Блинкен.
Шу билан бирга, у Лочин йўлагидаги муаммоларни ҳам тилга олди.
"Мен Озарбайжонга, шу жумладан шу ҳафтада ҳам ушбу йўлакни қайта очиш учун босим ўтказяпман. Биз бу борада ишлаяпмиз", дейди Давлат котиби.
У, муболағасиз, ҳозирда Арманистон, шунингдек, Озарбайжон манфаатларига чуқур жавоб берадиган қулай имконият борлигига ишонишини айтган.
Қорабоғ уруши
2020 йил 14 июль куни Озарбайжон-Арманистон чегарасида рўй берган тўқнашувда Озарбайжон армиясининг бир генерал-майори бошлиқ 7 нафар аскарнинг шаҳид бўлиши Қорабоғнинг озод қилинишига олиб келган операциянинг бошланиши бўлди. 27 сентябрь куни Арманистон қўшинлари Тоғли Қорабоғ яқинидаги тинч аҳоли пунктларига ўт очди, Озарбайжон ўз ерларини ишғолдан озод қилиш учун “Қасос” қарши ҳужумини бошлади, натижада босиб олинган ерлар бирин-кетин озод қилинди.
2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.
44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2,9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.