Блинкен Озарбайжон Арманистонга бостириб киришидан хавотирда – “Politico”
Олам
−
14 Октябрь 2023
5318АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Конгресснинг кичик бир гуруҳ қонунчилари билан Қорабоғдаги вазият бўйича телефон орқали мулоқот қилиб, Озарбайжон Арманистонга ҳужум қилиши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда манбаларига таяниб, “Politico” хабар берди.
Блинкеннинг маълум қилишича, Давлат департаменти Озарбайжоннинг Арманистонга бостириб кириши эҳтимолини кузатмоқда. Унинг фикрича, Озарбайжон яқин ҳафталарда Арманистон жанубига бостириб кириши мумкин.
Давлат котибининг айтишича, Оқ уй Озарбайжонни жавобгарликка тортмоқчи. Расмийлар Бакуга ҳарбий ёрдам кўрсатиш масаласини қайта кўриб чиқиши мумкин.
Бироқ Озарбайжон Президентининг ташқи сиёсат бўйича катта маслаҳатчиси Ҳикмат Ҳожиев Озарбайжон Арманистон ҳудудига даъво қилмаслигини айтди. Унинг сўзларига кўра, тўқнашув хавфи паст, чунки сўнгги икки ҳафта Арманистон-Озарбайжон муносабатлари тарихидаги энг тинч ҳафталар бўлган.
“Озарбайжон минтақада антитеррор кампанияси билан ҳуқуқий, тарихий ва маънавий жиҳатдан бизга тегишли бўлган нарсани тиклади ва де-юре арман ҳудудларига бостириб кириш ниятида эмас”, деган Ҳожиев.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Гранадада (Испания) ўтган саммитда Қорабоғ Озарбайжоннинг ҳудуди эканлигини тасдиқловчи расмий ҳужжатни имзолаганди. Шунингдек, у Брюсселда ўтган учрашувда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан дастлабки келишувга эришилганини маълум қилди.