Блинкен Фидан билан Украина ва Ғазо секторидаги вазиятни муҳокама қилди

Олам

image

АҚШ ва Туркия ташқи ишлар идоралари раҳбарлари Вашингтонда бир қатор стратегик масалалар юзасидан музокараларни бошлади. Бу ҳақда “Америка овози” хабар берди.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фиданни офисида меҳмон қилди. Анъанага кўра, Блинкен ва Фидан матбуот учун баёнот берди.

АҚШ Давлат котиби Туркия раҳбариятига “Швециянинг НАТОга қабул қилинишига олиб келган” муҳим ишлар учун миннатдорлик билдирди ва “икки давлат ҳам кўплаб муаммоларга дуч келаётган бир пайтда АҚШ ва Туркия жуда яқин ва муҳим иттифоқчилар” эканини таъкидлади.

Америка Ташқи сиёсат департаменти раҳбари “Россиянинг Украинада давом этаётган тажовузи давомида Туркиянинг Украинани қўллаб-қувватлашдаги роли ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлигини” таъкидлади.

Шунингдек, Блинкен "ҳар икки давлат ҳам Яқин Шарқдаги, хусусан, Ғазо секторидаги можарога эътибор қаратганини" ва "ҳар икки томон ҳам урушда қўлга олинган бегуноҳ аёллар, болалар ва эркаклар азобини минималлаштириш ва тугатиш истагида эканини" таъкидлади.

Исроилнинг ҲАМАСга қарши уруши билан боғлиқ ташаббуслар ҳақида гапирар экан, Энтони Блинкен бир кун аввал АҚШ Президенти Жо Байден томонидан эълон қилинган сектор аҳолисига гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича "денгиз ташаббуси"ни эслади.

“Биз гуманитар ёрдамни кенгайтириш ва можарони барқарор ҳал этиш йўлида ишлаш учун шарт-шароит яратиш орқали ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилишга эриша оламизми, деган масалага эътибор қаратмоқдамиз. Ва бу ерда муаммо ҲАМАСда”, деган Давлат котиби ҲАМАС ҳаммага манфаатли бўлган сулҳ ўрнатишга қарор қиладими ёки йўқми, деган саволга жавобан. 

Ўз навбатида, Туркия Ташқи ишлар вазири америкалик мавқедошига Президент Байден ва Президент Эрдўған томонидан 2021 йилда ташкил этилган “Стратегик механизм”нинг еттинчи йиғилишини ўтказиш имконияти учун миннатдорлик билдирди.

Унинг сўзларига кўра, томонлар “кенг кўламли масалалар: хавфсизлик ва минтақавий ҳамкорлик, савдо ва энергетика бўйича музокараларни бошлаб юборган”.

Хоқон Фидан Энтони Блинкеннинг "Ғазодаги оғир вазият ўт очишни тўхтатиш ва Ғазо ичидаги гуманитар ёрдамларнинг тўсиқсиз етказилишини таъминлаш учун халқаро ҳамжамиятнинг шошилинч эътиборини талаб қилмоқда" деган баёнотини қўллаб-қувватлади.

Фидан "Қора денгиздаги хавфсизлик музокаралардаги асосий масалалардан бири бўлиб қолаётганини" алоҳида таъкидлади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Туркия Энтони Блинкен Хоқон Фидан

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг