Блинкен эртага Исроилга боради
Олам
−
11 Октябрь 2023
5668Эртага, 12 октябрь куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Исроилга боради. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида маълум қилди.
“Эртага мен Исроилга бориб, исроиллик ҳамкорларимиз билан у ердаги вазият бўйича тўғридан-тўғри мулоқот қиламан, шунингдек, уларнинг террорчилик ҳужумларига қарши курашини қандай давом эттиришимиз мумкинлигини муҳокама қиламан. Бизнинг Исроилни қўллаб-қувватлашимиз ўзгармасдир”, деб ёзган Блинкен.
Ўз навбатида, АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Мэтью Миллер Блинкеннинг ташрифи бирдамлик ва қўллаб-қувватлаш сигнали бўлишини айтди.
Миллернинг сўзларига кўра, ташриф чоғида АҚШ Давлат котиби Исроилни қандай қилиб қўллаб-қувватлашни давом эттиришни муҳокама қилади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ Қуролли кучлари штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси Чарльз Браун Эронни Исроилдаги можарога аралашиши оқибатларидан огоҳлантирганди. NBC телеканали эса Америка маъмурияти Украина учун қўшимча молиялаштириш ва Исроилга ёрдам сўровларини бирлаштириш имкониятини кўриб чиқаётганини хабар қилди. Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби эса АҚШ Исроил ва Фаластин ўртасидаги тўқнашувларда иштирок этиш учун қўшин юбориш ниятида эмаслиги, бироқ Исроилга ҳарбий ёрдам етказиб беришни бошлаган ва яқин кунларда қўшимча маблағ ажратилишини айтди.