Бизни намозимиздан тўхтатишгани йўқ – Ал-Холдаги собиқ асира
Интервью
−
16 Сентябрь 2019
13883Жорий йилнинг май ойида Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудида яшаб келаётган 156 нафар ўзбекистонлик аёллар ва болалар мутлақо махфий муҳр билан амалга оширилган “Меҳр” инсонпарварлик операцияси доирасида Суриядаги Ал-Хол лагеридан Ўзбекистонга қайтарилганидан хабарингиз бор.
Алдов оқибатида ўзга юртга бориб қолиб, оғир ҳаётий даврни бошидан ўтказган бу инсонларга ҳукумат томонидан тиббий, психологик, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда. Уларнинг тинч ҳаётга қайтиб, жамиятга мослашишлари, таълим ва ижтимоий дастурларда иштирок этишлари учун зарур шароит яратилади, бошпана ва иш билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Куни кеча эфир юзини кўрган ҳужжатли фильмда ушбу операция қандай амалга оширилгани очиқланди. Унда интервью берувчилардан бири Ал-Хол лагери ўтган кунларини ёдга олади.
“Қарасам болаларим тош отишдан бошқа нарсани билмайди. Ҳатто, қўлимдаги кичкина болам ҳам тош отади. Нега тош отасан, деб сўрайман. Муҳит қўлимдаги 2 яшар боламни ҳам шу даражада ўзига тортиб кетяптики, менга бу нарса жуда ёмон таъсир қиларди”, дейди Суриядаги Ал-Хол лагерида кун кечирган аёллардан бири.
Аёл сўзида давом этаркан, Ўзбекистонга қайтганидан кейин унинг дин ва эътиқод эркинлигига ҳеч қандай қаршиликлар бўлмагани, аксинча, намоз ўқиш, рўза тутиш ва ҳижоб ўраши учун барча шароит яратиб берилганини айтади. Буни эса Суриядаги Ал-Хол лагеридаги бошқа аёллар ҳам кўришини исташини яширмайди.
“Аллоҳга беҳад шукр қиламан, Яратган яна мени Ўзбекистонга олиб келди, яна тупроғига қайтарди, сувига қайтарди. Бошидан ўтмаган инсон бу нарсаларни билмайди. Мени бошимдан ўтмагунча тупроғининг, нонининг, сувининг қадрини билмаган эдим
Ал-Холдаги асира аёллар кўрсин, билсин: мен Ўзбекистонга қайтгач, хонага кириб, шкафни очсам жойнамоз турибди. Биласизларми, бизни намозимиздан тўхтатишган эмас. Кўйлагим ҳам этаги узун, енги узун. Шу кеча икки марта келиб уйғотишди. “Туринглар, саҳарликда рўзангизни тутинглар”, дейишди. Улар ўзининг вазифасини бажарди. Биз-чи?”
Фильмни QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.