Бизнеснинг “соядан” чиқиши рағбатлантирилади – Президент янги фармонни имзолади

Жамият

image

Иқтисодиёт тармоқларидаги яширин айланма даражасини кескин пасайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Ушбу фармон билан бизнеснинг “соядан” чиқишини рағбатлантириш, солиқ режимини соддалаштириш ҳамда нақдсиз тўловларни кенгайтириш учун шарт-шароитлар яратилмоқда.

Хусусан:

1) умумий овқатланиш соҳасидаги кичик тадбиркорлик субъектларининг банк карталари ва контактсиз тўловлардан фойдаланган ҳолда жисмоний шахслардан олинган даромадлари умум белгиланган солиқларни тўлашга мажбурий тартибда ўтиш мақсадида умумий даромадга киритилмайди. Ушбу чора пластик картадалардан чекловларсиз тўлов қабул қилиш ҳисобидан тушумни кўпайтириш ҳамда нақд шаклда олинган суммаларни акс эттириш имконини беради.

2) Аввал қабул қилинган қарорга мувофиқ 2021 йил 1 январдан риэлторлик фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома олиш талаби бекор қилинган. Лекин кўрсатилаётган хизматлардан олинадиган даромадни қонуний айланмага жалб қилиш учун айланмадан олинадиган солиқ ставкасини 25 фоиздан 13 фоизгача пасайтирилади.

3) Тошкент шаҳрида ўтказилаётган онлайн касса машиналарининг чекларида акс эттирилган QR коди асосида совринли ўйинларни ўтказиш эксперименти 2020 йилда барча ҳудудларда амалга оширилади.

Қайд этилишича, бугунги кунга қадар Тошкент шаҳрида 9 ойда 3,3 триллион сўмлик 16,3 миллионта чек, вилоятларда эса 6,3 триллион сўмлик 22,7 миллионта чек чиқарилган. Совринли ўйинларнинг вилоятларда жорий этилиши онлайн касса машиналарига ўтиш жараёнини тезлаштиради. Совринли ўйинларга 1 миллиард сўм ажратилган бўлиб, 2020 йил 1 октябрь ҳолатига 524 миллион сўмлик совринлар ўйналган.


Мақола муаллифи

Теглар

яширин иқтисодиёт

Баҳолаганлар

153

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг