Ўзбекистондаги яширин иқтисодиётга доир бир қанча маълумотлар очиқланди

Жамият

Жорий йилнинг 28 сентябрь куни Ўзбекистон Либерал демократик партияси пресс клубининг “Яширин иқтисодиётни қисқартириш, товарларнинг ноқонуний айланмасини олдини олиш чоралари” мавзусида навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.

Қайд этилишича, яширин иқтисодиёт — иштирокчилар томонидан ёпиқ тарзда давлат ва жамият назоратидан холи, солиқлар тўланмайдиган, расмий давлат статистикасида қайд этилмаган иқтисодий фаолият тури ҳисобланди. У ошкора пайқаб бўлмайдиган товарлар ва хизматларни ишлаб чиқариш, тақсимлаш, айирбошлаш ҳамда истеъмол жараёнлари бўлиб, унинг негизида айрим кишилар ёки гуруҳ манфаатлари ётади. Яширин иқтисодиёт дунёнинг деярли барча мамлакатларида мавжуд.

Мутахассисларнинг фикрича, Ўзбекистонда яширин иқтисодиётнинг улуши умумий иқтисодиётнинг 40 фоизига тўғри келади. Бу эса тахминан 32 млрд АҚШ долларига тенг дегани. Статистик маълумотларга кўра, Нигерия, Бангладеш, Миср каби давлатларда яширин иқтисодиёт 30 фоиздан 50 фоизгача бўлиб, аҳоли ва давлатнинг молиявий ҳолатига етарлича зарар келтирмоқда. Бу борада анча яхши кўрсаткичларга эга бўлган Хитойда яширин иқтисодиёт улуши – 14,67 фоизга, АҚШда – 8,34 фоизга, Англияда – 11 фоизга, Австралияда эса 12 фоизга тенг.

Божхона қўмитаси вакили Улуғбек Қосимовнинг айтишича, чет элдан Ўзбекистонга 2023 йилнинг айни пайтигача жами 763 миллиард сўм миқдорда ноқонуний хомашё олиб кирилаётгани аниқланган. Бу ўтган йилга нисбатан 119 миллиард сўмга ошган. Ҳозирги кунда яширин иқтисодиётда улуши кўп бўлган маҳсулот тамаки бўлиб, биргина жорий йилнинг ўзида 214 та ҳолатда 75,2 миллиард сўмлик 4,7 миллион қути тамаки маҳсулотлари ноқонуний олиб кирилаётгани маълум бўлган. Бу кўрсаткич эса ўтган йилга нисбатан 5 баробарга кўп.

“Жорий йилда 156 та ҳолатда 1 млрд 245,2 млн сўмлик 9,5 тонна спирт ва алкоголь маҳсулотлари ноқонуний олиб кирилаётгани аниқланган. Бу эса 2022 йилга қараганда 3,5 минг тоннага ошган. Шунингдек, 898 та ҳолатда 65,2 миллиард сўмлик дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилган. Бу ҳам 2022 йилга нисбатан қарийб икки баробарга ошганини билдиради. Бундан ташқари, Республикада ноқонуний электротехника ва электрон буюмларни олиб киришга уринилган 916 та ҳолатда 92,8 миллиард сўм қийматдаги ноқонуний олиб ўтилаётган маҳсулотлар аниқланган. Бу кўрсаткич бир йил олдин 15,7 миллиард сўмни ташкил қилган эди. Шу турдаги 23,9 миллиард сўмлик заргарлик буюмлари аниқланган бўлиб, унинг қиймати 2022 йилга қараганда 12 млрд сўмга ошган”, дейди у.

Солиқ қўмитасининг вакили Элдор Ниёзовнинг сўзларига кўра, мамлакатдаги яширин иқтисодиёт бир қатор йўналишларда, жумладан, кўчмас мулк ва транспорт воситаларининг иккиламчи бозори, улгуржи ва чакана савдо, хизмат кўрсатиш, тамаки маҳсулотлари контрабандаси, ноқонуний товарлар айланмаси, қишлоқ хўжалиги ва бошқалар ҳисобига тўғри келмоқда. Яширин иқтисодиётнинг энг катта улуши қурилиш соҳасига тўғри келмоқда.

Айтилишича, бугунги кунда Ўзбекистонда яширин иқтисодиётнинг яна бир ривожланиб бораётган тармоғи мавжуд. Бу иккиламчи бозор орқали бир йилда олди-сотди қилинадиган транспорт воситалари ва кўчмас мулклардир. Шунингдек, сўнгги пайтларда аҳолининг умумий овқатланиш шохобчаларига оқими кескин ортган, аммо бу хизматлар соҳасидаги статистик маълумотлар ва солиқ тушумлари ўсишига мос ҳолда эмаслиги маълум бўлмоқда.

“Яқинда биз биргина соҳа – қурилишнинг ўзида кузатилаётган иқтисодий жараёнларнинг уч йиллик ҳолатини иқтисодий суд доирасида таҳлил қилиб чиқдик. Маълум бўлишича, 14 мингта мавжуд бўлган қурилиш ташкилотларидан деярли 8 мингтасига бир нафардан ишчи мавжуд. Уларнинг ичида умумий айланмаси 30 миллиардлик иш бажарганлари ҳам бор”, дейди Солиқ қўмитасининг вакили.

Бизнес омбудсман вакили Дилшод Насриддиновнинг сўзларига кўра, жорий йилнинг ўзида 26 та орган томонидан 72 мингта тадбиркорлик субъектида назорат ўтказилган. Айни кунларда тадбиркорларни овора қилмасдан бу назорат ишларини олиб бориш масаласида янги лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

“Биз вилоятлардаги тадбиркорлар билан гаплашиб, уларнинг саволларига жавоб бериб келмоқдамиз. Бугунги кунда турли муаммолар юзага келишининг олдини олиш учун ҳамма нарса автоматлаштирилмоқда. 2023 йил 4 сентябрь куни қабул қилинган ҳужжат асосида Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш кенгашининг таркиби ўзгарди. У ерда бор-йўғи давлат органларидан уч ёки тўртта бор холос, қолган барчаси тадбиркорлар”, дейди Дилшод Насриддинов.

Бундан ташқари, сессия давомида кўплаб муаммоли масалалар иштирокчилар томонидан муҳокама қилиниб, яширин иқтисодиётнинг ялпи ички маҳсулотга нисбатан улушини кескин қисқартириши, унга қарши чоралар кўрилиши кераклиги таъкидланди.

Хулоса қилиб айтганда, бу борада давлат идоралари ҳамда жамоатчилик ҳамкорликда ишлаши лозим. Фақатгина қонунларни қабул қилиш орқали муаммони ҳал қилиб бўлмайди.


Мақола муаллифи

Теглар

яширин иқтисодиёт

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг