МБ раиси “Bloomberg”га интервью берди

Жамият

image

Ўзбекистон шу йил доллардаги иккинчи еврооблигацияларини чиқариш орқали дунё қарз бозорига кириши мумкин. Дастлабки еврооблигациялар жорий йилнинг февраль ойида чиқарилганди.

“Халқаро инвесторлар мамлакатнинг кредит тарихини кўра олишлари керак. Бизнинг биринчи кредитимиз тарих бўлмайди, у шунчаки, эталон”, деган Ўзбекистон Марказий банки раҳбари Мамаризо Нурмуродов “Bloomberg” нашрига берган интервьюсида.

Қайд этилишича, Ўзбекистон сиёсатчилари биринчи еврооблигацияларнинг сотилганига мамлакатдаги иқтисодий қайта қуришнинг самарси сифатида қараяпти. Шунингдек, “Bloomberg” 20 йилдан ортиқ вақтдан кейин Ўзбекистон валюта бозори либераллаштирилиши ва ислоҳ қилиниши ортидан Халқаро валюта жамғармаси мамлакатни қўллаб-қувватлаганини ҳам эслатиб ўтган.

Ўзбекистонга S&P Global Ratings ва Fitch Ratings агентликлари томонидан Бразилия, Шимолий Македония ва Грузия каби BB- суверен кредит рейтинги берилди. Бу инвестиция рейтингидан 3 поғона паст дегани.

Нурмуродовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон иккинчи марта ҳам 1 млрд долларга тенг 5 ва 10 йиллик еврооблигациялар чиқариши режалаштириляпти. Бундан ташқари, тижорат банклари ҳам шу йилдан доллардаги облигацияларни чиқариши мумкин.

“Бизга давлат харажатлари учун пул керак эмас, бироқ халқаро бозорда иштирок этишимиз керак. Айни вақтда долларда облигация чиқаришимиз мантиқан тўғри. Негаки, ташқи савдо фаолиятимиз асосан долларда”, деган Нурмуродов.

Инвесторлар Ўзбекистоннинг биринчи евробондларига 5,5 млрд доллар таклиф қиляпти. Облигациялар 14 февралда чиқарилганидан кейин ривожланаётган бозорлардаги 6,2 фоизлик ўртача қарз мажбуриятидан 8,4 фоизга қайтган.

Мақолада ХВЖнинг март ойидаги баёнотида келтирилганидек Ўзбекистон ислоҳотларнинг биринчи тўлқинини муваффақиятли амалга оширгани, эндиликда янада кенг кўламли тизимли қайта қуриш ишларини олиб бориш учун режаларини аниқлаб олиши кераклиги айтилган. ХВЖ тахминларига кўра, Ўзбекистон иқтисодий ўсиш суръати шу йили 5,5 фоизга, келаси йили 6 фоизга етади.

“Хорижий инвесторларга тўғридан-тўғри инвестиция олиб келишлари ҳамда бизнинг суверен қарз бозоримизга киришлари учун сигнал беряпмиз”, деган Мамаризо Нурмуродов.


Мақола муаллифи

Теглар

Bloomberg Мамаризо Нурмуродов Маразий банк

Баҳолаганлар

20

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг