Биз ЖСТга тезроқ аъзо бўлишдан манфаатдормиз – Мирзиёев

Жамият

image

Ташқи савдо ва рақобат муҳитини янги босқичга олиб чиқиш, янги-янги бозорларга кириш мақсадида Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига тезроқ аъзо бўлмоқчи. Бу ҳақда бугун, 27 апрель куни Халқаро конгресс марказида ўтказилган иккинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида Президент Шавкат Мирзиёев айтиб ўтди.

“Алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман, Жаҳон савдо ташкилоти талаблари ислоҳотларимиз мазмунига тўла мос ва биз ушбу нуфузли ташкилотга тезроқ аъзо бўлиб киришдан манфаатдормиз”, деди Президент.

Таъкидланишича, ҳозир аъзо мамлакатлар билан музокаралар олиб бориш ҳамда миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти қоидалари билан уйғунлаштириш қизғин босқичда.

Президент қайд этганидек, бир йил ичида Ўзбекистон иқтисодиётини янада эркинлаштириш, бизнесга кенг йўл очиш, бу борада қонун устуворлиги ва ҳуқуқий кафолатларни мустаҳкамлаш бўйича тизимли ислоҳотлар жадал давом эттирилмоқда.

Минтақадаги энг қулай фискал тизимини яратиш бўйича катта ўзгаришларга эришилди. Хусусан, қўшилган қиймат солиғи ставкаси 12 фоизга туширилди. Илгари ушбу солиқ ставкаси 20 фоиз эди.

Шунингдек, қўшилган қиймат солиғини экспортчи корхоналарга 7 кун ичида қайтариш жорий қилинди, солиқ ва божхонада ўзаро ҳисобга олиш йўлга қўйилди. Шу пайтгача 2 та алоҳида тизим орасида инвесторлар сарсон эди.

Бундан ташқари, хорижий инвесторлар акцияларидан оладиган дивидендлари уч йил муддатга солиқдан озод қилинди, улар учун фойда солиғи 20 фоиздан 12 фоизга туширилди. 

Муҳими – солиқ ва божхона қонунларига янги ёки оғирлаштирувчи жавобгарлик чоралари киритилмаслиги қатъий белгилаб қўйилди.
Ташқи савдони эркинлаштириш бўйича навбатдаги муҳим қадамлар қўйилди.

Жумладан, инвесторлар учун зарур бўлган 7 мингдан зиёд хомашё ва товарларга божхона божлари бекор қилинди.

Божхона ҳудудида қайта ишлашнинг соддалашган тартиби жорий этилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ЖСТ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг