Биз шундай қуролларга эгамизки... – Трамп АҚШнинг махфий қуроллари ҳақида гапирди
Олам
−
11 Сентябрь 2020
17502Америка Қўшма Штатларида ҳеч ким билмаган қурол тизимлари мавжуд. Бу ҳақда Америка Президенти Дональд Трамп кеча, 10 сентябрь куни Мичиган штатига жўнаб кетишдан олдин журналистларга айтди.
Давлат раҳбаридан америкалик журналист Боб Вудворднинг яқинда чоп этиладиган "Rage" ("Ғазаб") номли китобидаги баъзи гапларга изоҳ беришни сўрашди. Бу китоб Вудворднинг Трамп билан 18 маротаба ўтказилган эксклюзив интервьюларига асосланган. Журналистнинг сўзларига кўра, Америка Қўшма Штатлари Президенти у билан суҳбатларда Қўшма Штатлар янги ядровий қурол тизимини ишлаб чиққани, у на Россия ва на Хитойнинг қурол тизимига ўхшамаслигини айтган.
"Бизда ажойиб қуроллар бор. Мен махфий маълумотлар ҳақида эмас, балки биз яратган нарсалар ҳақида гапиряпман. Биз ажойиб қуролларни яратмоқдамиз. Уларга сўнгги 3,5 йил ичида 2,5 триллион доллар сарфладик. Энди бизда янги ракеталар бор. Умид қиламанки, бизда уларни ишлатишимизга ҳожат бўлмайди.
Бизда ҳеч ким билмайдиган баъзи тизимлар бор. Ростини айтганда, бу шундай тарзда давом этса, ҳаммаси яхши бўлади.
Биздаги тизимлардан Хитой раҳбари Си Цзиньпинда ҳам, Россия Президенти Владимир Путинда ҳам йўқ. Улар махфий ҳарбий маълумот беряптими? Йўқ, мен айтмоқчиманки, биз дунёдаги энг катта қуролга эгамиз", дейди АҚШ Президенти.
Журналистлар Трампга Хитой ва Россия раҳбарлари бу сирни яшираётган бўлишлари ҳам мумкинлигини айтганда, Трамп "Бу хавотир олишингизга арзимайди, улар касал", деб жавоб берди.
Вудворднинг ядровий қурол ишлаб чиқаришга бағишланган китобидан парчалар 9 сентябрь куни “The Washington Post” газетаси сайтида эълон қилинган. Вудворднинг манбалари ҳам АҚШ қуролли кучлари янги махфий қурол тизимига эга эканлиги ҳақидаги маълумотларни тасдиқлаган. Вудворднинг ўзи бу ҳақда батафсил маълумот беришдан бош тортган.
Рушанабону Султонова
LiveБарчаси