Биз Россиянинг Суриядан кетишини хоҳламаймиз – Жўлоний

Олам

image

Суриянинг янги раҳбари ва “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” етакчиси Аҳмад Ҳусайн аш-Шаро (Муҳаммад ал-Жўлоний ) Россия билан алоқаларни сақлаб қолиш ниятида эканини айтди ва мамлакатда тўрт йил ичида сайловлар ўтказишга ваъда берди. Бу ҳақда у “Al Arabia” телеканалига берган интервьюсида сўз очди.

“Россия – муҳим давлат ва дунёдаги иккинчи кучли мамлакат сифатида танилган”, деди аш-Шаро.

Шунингдек, Сурия раҳбарининг билдиришича, Россия ва Сурия ўртасида умумий стратегик манфаатлар бор.

“Барча Суриядаги қуроллар россиялик ишлаб чиқарувчилардан олинган ва кўплаб электр станцияларини россиялик экспертлар бошқаради. Баъзи одамлар истаганидек биз Россиянинг Суриядан кетишини хоҳламаймиз”, деди аш-Шаро.

Кеча, 29 декабрь куни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров РИА Новости'га берган интервьюсида Россиянинг ҳарбий базалари келажакда янги Сурия ҳокимияти билан музокара объекти бўлиши мумкинлигини билдирди.

“Гап фақат бизнинг базаларимизни ёки таянч нуқталаримизни сақлаб қолиш ҳақида эмас, балки уларнинг ишлаши, сақланиши ва таъминланиши, маҳаллий томон билан ҳамкорлик қилиш шартлари ҳақида”, деди Лавров.

Шунингдек, Абу Муҳаммад ал-Жўлоний номи билан танилган ва ўзининг бу махфий тахаллусидан воз кечган аш-Шаро ҳокимиятни қўлга киритганидан сўнг илк бор Сурияда сайловлар қачон бўлиши мумкинлигини айтди.

“Сайлов жараёни тўрт йил вақт олиши мумкин”, деди у.

Аш-Шаро буни сайловни ташкил этиш учун ҳуқуқий тизимни тиклаш ва аҳолини рўйхатга олиш зарурлиги билан изоҳлаган.

Шунингдек, у янги конституция тузиш учун уч йилгача вақт кетиши, давлат идораларининг самарадорлигини сезиларли даражада яхшилаш учун эса бир йил керак бўлишини билдирган.

Бундан ташқари, ал-Шаро “Ҳаят Таҳрир аш-Шом”ни тарқатишни режалаштираётгани ва бу жараённи яқинда бўладиган Миллий конференцияда амалга оширишини маълум қилган. Бу эса Сурияда жамиятнинг турли қисмлари ўртасидаги мулоқотни бошлашга имкон беради. У аниқ нима демоқчи эканлиги ва бу жараён қандай амалга ошишини тушунтирмаган.

ҲТШ илгари бир қатор давлатлар террористик ташкилот сифатида таснифлайдиган ИШИД ва “Ал-Қоида” билан алоқада бўлган, аммо ҳозирда аш-Шаро бошчилигидаги қуролли ҳаракат улар билан барча алоқаларни узган ва этник озчиликлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ҳамда мўътадил мафкурага амал қилишни мақсад қилганини билдирган.

BBC'нинг Яқин Шарқ бўйича шарҳловчисининг билдиришича, конференцияга мамлакатнинг турли сиёсий вакиллари, ҳамжамият вакиллари, шунингдек, фуқаролик жамияти, жумладан, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи фаоллари таклиф қилинган.

“Конференция янги Сурия ҳукуматининг Сурия ҳудудини бирлаштириш бўйича берган ваъдаларига амал қилиши ёки қилмаслигини текшириш учун биринчи имконият бўлади”, дейди шарҳловчи.

ҲТШнинг янги ўтиш даври ҳукумати фақат ўз вакилларидан ташкил топган бўлиб, баъзилар бу ҳолатни танқид қилган ва ҳукуматга бошқа гуруҳ вакилларининг киритилмаганини таъкидлаган. Бу танқидга аш-Шаро, ҳукуматнинг асосий аъзоларини тайинлаганини ва ҳеч кимни камситишни хоҳламаслигини айтиб жавоб берган.

Сурия аҳолиси турли этник ва диний гуруҳлардан иборат, жумладан, курдлар, арманлар, оссурияликлар, христианлар, друзлар, алавит шиалар ва араб суннийлар. Араб суннийлар мамлакатда кўпчиликни ташкил қилади.

Аш-Шаро минтақавий кучлар, шу жумладан курдларни миллий Сурия армиясининг таркибига киритишни ваъда берган.

“Қурол фақат давлат қўлида бўлиши керак. Биз қуролга эга бўлган ва Мудофаа вазирлигига қўшилиш учун етарлича малакага эга бўлган ҳар қандай кишини қабул қиламиз”, деди у.

Шу билан бирга, Буюк Британияда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари мониторинг марказининг (SOHR) маълумотларига кўра, сўнгги ҳафта ичида Сурияда Асад режими билан алоқада бўлган деб ҳисобланган тахминан 300 киши ҳибсга олинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Аҳмад аш-Шаро Дамашқда Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан билан учрашган эди. Учрашувда Туркия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Нуҳ Йилмаз, Туркиянинг Дамашқдаги элчихонасининг муваққат ишлар вакили Бурҳон Керўғли ва Сурия муваққат ҳукумати ташқи ишлар вазири Асад Ҳасан ал-Шибоний ҳам иштирок этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Сурия Аҳмад Ҳусайн аш-Шаро

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг