Биз пандемияни қачон енгамиз? – Президент коронавирусни енгиш шартини айтди
Жамият
−
17 Июль 2020
20405Аввал хабар берганимиздек, бугун, 17 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида коронавирусга қарши кураш масааласига тўхталиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик.
Президент Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида яна бир бор Ўзбекистон халқига мурожаат қилиб, жумладан, шундай деди:
“Ҳар биримиз ўзимиз, оиламиз, фарзандларимизнинг соғлиғи ва тақдири учун аввало ўзимиз масъул эканимизни чуқур англашимиз лозим. Шу муносабат билан халқ вакиллари бўлган депутатларимиздан, ижодкор зиёлиларимиз, ҳурматли журналистларимиз, маҳалла фаолларидан илтимос қиламан: пандемия даврида ҳар бир одамнинг шахсий масъулияти ҳақидаги тарғибот ишларини янада кучайтиришимиз керак.
Биз пандемияни қачон енгамиз? Қачонки, ҳар бир одам ўзидаги бепарволикни енгса, ўзи, оиласи ва фарзандлари, бутун халқимиз ҳаётига масъулият билан қарайдиган бўлса.
Биз шунга қодирмизми? Албатта, қодирмиз. Ишончим комил, бугунги вазиятнинг ўзи тақозо этаётган мана шундай ҳиссиёт ва қарашлар ҳар бир юртдошимизнинг қалби ва онгига чуқур кириб боради. Ва биз бу синовдан, албатта, муносиб ўтамиз”.
Эслатиб ўтамиз, 15 июль куни Тошкент шаҳри ва пойтахт вилоятида пандемияга қарши кураш борасидаги ишлар қаттиқ танқид қилиниб, аниқ вазифалар белгиланган эди. Бу борада кўрилган тезкор чора-тадбирлар бўйича бугун Тошкент шаҳри ҳокими, Бош прокурор ва бошқа мутасадди раҳбарлар ҳисобот берди.