Биз Фаластин ва Исроилни ҳимоя қиладиган ечимни хоҳлаймиз – Маҳмуд Аббос
Олам
−
27 Сентябрь
2100Фаластинликлар ўтган деярли бир йил давомида замоннинг энг ваҳший жиноятларидан бирига дучор бўлди. Бу ҳақда кеча, 26 сентябрь куни Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида ўтаётган БМТнинг 79-сессияси минбарида сўз очди.
“Бу Исроил томонидан содир этилаётган тўлиқ кўламли уруш – геноцид жиноятидир. Ушбу жиноят фақатгина Ғазонинг ўзида 40 мингдан ортиқ инсоннинг ўлимига олиб келди ва минглаб аҳоли вайроналар остида қолди. Бугунги кунгача 100,000 дан ортиқ одам жароҳатланди” , деди у.
У, шунингдек, фаластинлик оилалар қириб ташланганини, уларнинг оилавий номлари эса бутунлай йўқ қилинганини қайд этди. Бундан ташқари, ҳужумлар давомида касалликлар тарқалиб, тоза сув ва муҳим дорилар етишмаётганини, икки миллиондан ортиқ фаластинликлар ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлганини таъкидлади.
Президент Аббос Исроил Бош вазирининг июль ойида АҚШ Конгрессида Ғазода Исроил кучлари бегуноҳ фуқароларни ўлдирмаганини даъво қилган ёлғонларига жавоб бериш учун сўзламаётганини таъкидлади.
“Мен сиздан сўрайман: унда ким 40,000 қурбоннинг 15,000 дан ортиғи бўлган болаларни ва шунча аёллар ҳамда қарияларни ўлдирди? Ва ҳозир ким уларни ўлдиришда давом этмоқда?” деди у.
Аббос ўз нутқида “Ғазодаги уруш тугаганидан кейин нима қилиш керак” деган 12 бандлик таклифини ҳам баён қилди.
Унда бошқа масалалар билан бир қаторда, Ғазода кенг қамровли ва доимий сулҳ тузиш, Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусдаги ҳарбий ва кўчманчи зўравонликларни тўхтатиш, Исроилнинг Ғазодан ҳеч қандай тампон ҳудудларсиз ёки аннексияларсиз тўлиқ чиқиб кетиши талаб қилинади.
Фаластин Президенти, шунингдек, Ғазога мунтазам ва етарли даражада гуманитар ёрдам етказиш, босиб олинган Фаластин ҳудудларидаги мажбурий кўчиришни тўхтатиш ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластин қочқинларига ёрдам ва ишлар агентлиги (UNRWА) ва бошқа гуманитар ташкилотларни қўллаб-қувватлашнинг кучайтирилиши зарурлигини таъкидлади.
Бундан ташқари, у босиб олинган ҳудудларда фаластинликларга халқаро ҳимоя кераклигини ва Фаластин давлати Ғазода масъулиятни ўз зиммасига олиб, ҳудудда юрисдикцияни амалга ошириши, шу жумладан чегарадаги назорат пунктларини бошқариши кераклигини маълум қилди.
“Бу бизнинг таклифимиз, сиз уни қабул қилишингиз, тузатишингиз ёки ўзгартиришингиз мумкин, биз буларнинг барчасига тайёрмиз”, деди у.
Аббосга кўра, Фаластин Исроил давлатини тан олади, лекин Исроил Фаластинни тан олмайди.
“Биз ҳар икки давлатни – Фаластин ва Исроилни ҳимоя қиладиган ечимни хоҳлаймиз, шунда улар тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликда бирга яшашлари мумкин бўлади”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған БМТнинг 79-сессияси минбарида Ғазо секторидаги вазият ҳақида сўз очиб, у ерни дунёнинг энг катта аёллар ва болалар қабристони деб атаган эди.
LiveБарчаси