Биткоин ва ноткоин каби криптовалюталар билан савдо қилиш шаръан жоиз эмас – Фатво маркази
Жамият
−
03 Июнь
12401Биткоин, ноткоин ва бошқа шу каби криптавалюталарда савдо-сотиқ қилиш Ислом динида шаръан жоиз ҳисобланмайди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази маълум қилди.
"Криптовалюта – бу транзакцияларни ҳимоя қилиш ва янги бирликларни яратишни назорат қилиш учун криптографиядан фойдаланадиган рақамли ёки виртуал валюта. Криптовалюталар банк ёки ҳукумат каби марказий ҳокимият томонидан тартибга солинмайди, аксинча улар марказлаштирилмаган, яъни улар компьютерлар тармоғи томонидан бошқарилади.
Шариатимизга кўра криптовалюталарни ўзаро айирбошлаш ва улар билан савдо-сотиқ қилиш жоиз эмас. Чунки ушбу криптовалюталарда шариатимиз томонидан пулга қўйилган талаблар топилмайди. Қолаверса, уларни бирор давлат ишлаб чиқармагани ёки расман тан олмагани, уларнинг нархини кескин ўзгарувчанлиги ҳамда унда қимор аломатлари борлиги унинг ҳаром эканига асос бўлади", дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Ислом дини қоидаларига кўра, тилла ва кумуш асл пулдир. Қолган кўринишдаги пуллар уларнинг ўринбосарларидир. Улар турли кўринишда, жумладан, электрон бўлиши ҳам мумкин. Лекин улар пул деб ҳисобланиши учун бир қанча шартларга жавоб бериши керак.
Таъкидланишича, “Рақамли пуллар” ёки “виртуал пуллар” дейилаётган, нақд кўринишда мавжуд бўлмаган криптовалюталар пулнинг қуйидаги талабларига жавоб бера олмайди ва баъзи хатарларга эга:
1. Криптовалюталарда пул бўлиш талаблари топилмайди;
Пул – тилла ва кумуш ёки уларнинг ўрнини босувчи, маълум бир қийматга эга бўлган, ҳукумат тарафидан тан олинган ва кафолатланган ҳамда инсонлар орасида ўзаро айирбошлаш воситаси сифатида муомалага киритилган нарса (валюта)дир ("Ал-Мавсуатул фиқҳийя ал-Кувайтийя" китоби).
Демак, шариатга кўра, ўзаро айирбошланаётган нарсалар мол ёки пул бўлишлари шарт бўлиб, криптовалюталарда мол ёки пулда топилиши лозим бўлган юқоридаги шартлар мавжуд эмас. Шунинг учун уларни сотиш ёки сотиб олиш жоиз эмас.
2. Пул чиқариш давлатнинг ҳаққидир;
Ҳозирда машҳур бўлган криптовалюталарнинг бирортасини ҳам расман давлатлар чиқармаган. Аксарининг эгалари номаълум, нари борса бир-икки шахсдир. Ислом дини қоидаларига кўра, пулни давлат ишлаб чиқаради. Уни ҳар ким ишлаб чиқаришга ҳаққи йўқ. Машҳур олим Ибн Халдун ўзининг “Муқаддима”сида шундай дейди:
“Пул зарб қилиш подшоҳнинг зарурий вазифасидир. Чунки одамларнинг ўзаро муомаласида шу билангина ҳақиқий пул сохтасидан ажралиб туради” (261-бет).
3. Пулни ҳамма қабул қилган, уни ишлатишга ҳамманинг имконияти бўлиши керак;
Криптовалюталар маълум бир тизимга уланган кишиларгина ишлата олади ва ҳозирда ҳамма уни муомала учун қабул қилмайди. Шу жиҳатдан у ҳали тўлиқ пулга айланмаган. Савдо-сотиқда маҳсулот (товар) учун тўланадиган нарса пул ёки товар бўлиши лозим. Пулликка ярамайдиган нарса билан тўлов қилинса, бу савдо дуруст бўлмайди ва бекор бўлади. Ундан олинган фойда ҳам ҳалол экани шубҳа остида қолади.
4. Уларнинг натижаси номаълумлиги;
Криптовалюталарнинг келажаги мавҳум. Унга ҳеч ким кафолат бермайди, ортида турмайди. Эрта-индин йўқолиб кетадими ёки барқарор валютага айланадими, номаълум. Криптовалюталар доимий резерв билан таъминланмаган ва бу уларнинг қиймати кутилмаган пайтда йўқ бўлиб кетишига олиб келади. Бундай валюталар билан савдо-сотиқ қилиш молни хатарга қўйишдир. Ислом дини молни бекорга зое қилиш ва хатарга қўйишдан қайтарган.
5. Қийматининг кескин тушиб-кўтарилиб туриши;
Криптовалюталарнинг нархлари кескин кўтарилиб-тушиб туриши ва кўпчилик фақат шу ўртадаги фарқдан фойда кўришга интилиши унда қимор аломатлари борлигини кўрсатади. Яъни, аксар одамлар ўзига керак бирор маҳсулот сотиб олишни эмас, балки нархнинг кўтарилиб-тушишига пул тикишни мақсад қилади. Бу эса савдонинг асосий ғоясига зиддир. Ислом дини мусулмонларни қимор ва унга ўхшаш фаолиятлардан ман қилган. Шаръий қоидага кўра, “Ҳаромга олиб борувчи восита ҳам ҳаромдир” (“Бадоиус саноиъ” китоби).
6. Криптовалюталар савдосида фирибгарлик эҳтимоли катталиги;
Биткоин ва бошқа криптовалюталар ҳамёни эгаси ким эканлигини билиб бўлмаслиги сабабли ноқонуний пул айлантириш ва фирибгарликка йўл очилади. Криптовалюта ўтказмалари банксиз амалга оширилиши ҳам унинг хавфини оширади ва ўтказилган маблағларни қайтариб олиб бўлмайди.
Бугунги кунда халқаро фатво уюшмалари ва фиқҳ академиялари криптовалюталар масаласини чуқур ўрганиб, улар билан савдо қилиш жоиз эмас, деган фатво берган.