Бишкекда вазият жиддийлашяпти. Намойишчилар парламент биносига бостириб киришга уринди (видео)
Олам
−
05 Октябрь 2020
15922Аввалроқ, Бишкекда Қирғизистон парламенти учун ўтказилган сайлов натижаларига қарши норозилик намойишлари бошлангани ҳақида хабар берган эдик. Намойишни Қирғизистон социал-демократлари партияси тарафдорлари уюштиряпти.
Қирғизистон пойтахтидаги намойишлар тартибсизликларга айланиб, бир қанча радикал гуруҳлар парламент ҳудудига бостириб киришга уриниб, дарвоза ва панжараларни бузган. Уларни қўриқчилар тўхтатган.
Шаҳар марказига қўшимча милиция кучлари ташланган. ОМОН намойишчиларни тарқатиш учун кўзни ёшлантирувчи газ ва овозли гранаталардан фойдаланган. Бу ҳақда “АКИpress” хабар берди.
Аммо бунга жавобан намойишчилар йўлкалардаги тошларни олиб, кучишлатар тузилма ходимларига қарата ота бошлаган. Натижада икки милиция ходими ва депутат жароҳатланган.
Маълумот ўрнида, кеча, 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Унда рўйхатдан ўтган 3,5 миллион сайловчининг 1,98 миллиони ёки 56,2 фоизи қатнашган.
Дастлабки маълумотларга кўра, тўртта сиёсий партия 7 фоизлик барьердан ўтиб, мамлакатнинг энг юқори қонун чиқарувчи органининг янги таркибига кириши мумкин. Булар “Бирлик” (24 фоиз), “Маконим Қирғизистон” (24 фоиз), “Қирғизистон” (8 фоиз) ва “Бутун Қирғизистон” (7 фоиз) партиялари.
Овоз беришнинг расмий натижалари бюллетенларни қўлда санаб чиқилиб, якуний баённомалар МСКга топширилгандан кейин 20 кун ичида эълон қилинади.
LiveБарчаси